Россия мактабларига қанча мигрант болалари қабул қилинганлиги маълум қилинди

Россия мактабларига қанча мигрант болалари қабул қилинганлиги маълум қилинди

Россия мактабларига рус тили бўйича тестни муваффақиятли топшириб, ҳужжатларни тўлиқ тақдим этган мигрант болаларнинг атиги 19 фоизи қабул қилинган. Бу ҳақда Рособрнадзор раҳбари Анзор Музаевга таяниб «РИА Новости» хабар берди.

 

«Икки талабни бажариш — ҳужжатлар тўпламини тақдим этиш ва рус тилини билиш — натижасида тахминан 19 фоиз болалар мактабларга қабул қилинди. Яъни, уларнинг ҳужжатлари тўғри ва улар имтиҳонни топширишди», — деган у.

 

Қолганлари — 80 фоиздан кўпроғи — тилни етарли билмагани ёки ота-оналарнинг ҳужжатларни нотўғри расмийлаштиргани сабабли қабул қилинмаган.

 

Рособрнадзор раҳбарининг маълум қилишича, идора мигрантлар кўп бўлган ҳудудлардан тест ўтказиш тажрибаси ва бундай болаларни мактабларга қабул қилиш тартиби бўйича қўшимча маълумот сўраган.

 

Шунингдек, мактабларнинг мигрант болалар сонининг ошишига қандай мослашаётгани ва ўқитувчилар ишида қандай ўзгаришлар кераклигини ўрганишни бошлаган.

 

Эслатиб ўтамиз, мигрант болалар учун тест тартиби 2025 йил март ойида тасдиқланган, имтиҳон эса апрель ойидан бошлаб ўтказила бошланган. Агар натижа ижобий бўлса, бола таълим муассасасига қабул қилинади, акс ҳолда унга қўшимча таълим олиш таклиф этилади. Тестни қайта топшириш эса камида уч ой ўтиб амалга оширилиши мумкин.