2028 йилга бориб Канада чет элликлар учун ўқиш рухсатномаларини 50 фоиздан кўпроқ қисқартириб, йилига 150 мингтагача туширишни режалаштирмоқда. Ҳукумат бу янги мақсадларни аллақачон федерал бюджет лойиҳасига киритган.
2024 йилда Канадага вақтинчалик миграция энг юқори даражага етиб, мамлакат аҳолиси сонининг 7,5 фоизини ташкил қилди. Бу 2018 йилдаги кўрсаткичдан икки баравар кўп. Иммиграция, қочқинлар ва фуқаролик вазирлиги вақтинчалик резидентлар, жумладан, талабалар — улушини 2027 йилга бориб камида 5 фоизгача туширишни мақсад қилган. Бундай сиёсат университетлар орасида жиддий хавотир уйғотмоқда.
Канада кетма-кет иккинчи йил чет элдан келаётган талабалар сонига чеклов қўймоқда. Бу жараён уй-жой бозори, соғлиқни сақлаш тизими ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига тушаётган босимни камайтириш мақсадида қабул қилинган. 2025 йил бошида талаба визаларининг лимити 437 мингта этиб белгиланган эди — бу ўтган йилга нисбатан 10 фоиз кам. Шунга қарамай, 2025 йилнинг биринчи ярмида мамлакатга келган чет эллик талабалар сони 2024 йилдагидан 60 фоизга камайган.
Бундан ташқари, канадалик қонунчилар янги таклиф киритдилар. Унга кўра, агар жамоатчилик манфаатлари талаб қилса, талаба визаларини бекор қилиш ёки уларни вақтинча тўхтатиб туриш имконияти яратилиши мумкин. Канада иммиграция вазири Лена Диаб бундай қатъий чораларни визалар билан боғлиқ фирибгарликнинг кўпайиши билан изоҳлади.
Канада университетлари вакилларининг таъкидлашича, талаба визаларини кескин қисқартириш ва амалдаги рухсатномаларни бекор қилиш эҳтимоли чет элликларни жалб қилиш тизимига салбий таъсир қилади. Бундан ташқари, хорижий талабалар сонининг кескин камайиши «демографик бўшлиқ»га олиб келиши мумкин — яъни янги талабалар сони битирувчиларга нисбатан сезиларли даражада камаяди.
Шу билан бирга, янги бюджет лойиҳасида таълимни қўллаб-қувватлаш чораларига ҳам эътибор қаратилган. Хусусан, ҳукумат кейинги 13 йил давомида 1,7 миллиард Канада долларини ($1,2 млрд) четдан келадиган тадқиқотчилар, докторантлар ва ёш олимларни жалб қилишга ажратишга тайёр. Шунингдек, АҚШнинг H-1B визасига эга мутахассислар — масалан, муҳандислар, архитекторлар, дастурчилар — учун ўқиш рухсатномаларини тезлаштирилган тартибда бериш тизими жорий этилиши мумкин.
Аввалроқ, 2025 йилда Канада талабалик визаси учун аризаларнинг 62 фоизи рад этилганлиги ва бу эса сўнгги ўн йил ичидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланиши ҳақида хабар берган эдик.
