Хорижда ўқиётган ходимга ўқиш таътили ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда берилиши тўғрими?

Хорижда ўқиётган ходимга ўқиш таътили ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда берилиши тўғрими?

Савол: Ассалому алайкум. Тожикистон Республикасида ўқиётган ходимга ўқиш таътили ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда берилиши тўғрими? Мени прокуратура текширгани келганда нотўғри деб кетишди пулини қайтартирасиз дейишди.

 

Меҳнат кодексининг 385-моддасига кўра, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ташкилотларида кечки ёки сиртқи таълим шакли бўйича ўқиётган ходимларга лаборатория-имтиҳон сессияларида иштирок этган давр учун ўқув таътиллари берилади.

 

Демак, эътибор беринг, меҳнат кодексининг 385-моддасида «олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ташкилотлари» дейилган.

 

Биринчидан, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ташкилотларининг мулкчилик шаклининг ҳам аҳамияти йўқ. Меҳнат кодексининг 385-моддаси давлат ва хусусий олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ташкилотларига ҳам тааллуқли.

 

Иккинчидан, меҳнат кодексининг 385-моддаси нафақат Ўзбекистон Республикасининг олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ташкилотларига, балки хорижийларга ҳам тааллуқли.

 

Агар айнан Ўзбекистон Республикасининг олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ташкилотлари назарда тутилганда эди, бу нормада тўғридан тўғри кўрсатилар эди.

 

Масалан, Солиқ кодекси 378-моддаси 16-бандига кўра солиқ тўловчининг қуйидагиларга йўналтириладиган, солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадлари:

 

«…Ўзбекистон Республикасининг профессионал ва олий таълим ташкилотларида таълим олиш (ўзининг, фарзандларининг, шунингдек 26 ёшга тўлмаган эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўлов. Мазкур имтиёз солиқ тўловчининг профессионал ва олий таълим ташкилотларида ўқиш учун тижорат банклари томонидан ажратилган таълим кредитларига (фоизлари билан) қоплашга йўналтирилган даромадларига нисбатан ҳам қўлланилади.»

 

Демак, юқоридагилардан хулоса қилсак, Меҳнат кодексининг 385-моддаси нафақат Ўзбекистон Республикасининг, балки хусусий, шу жумладан хорижий олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ташкилотларига ҳам тааллуқли экан.

 

Меҳнат кодексининг 386-моддасига кўра, ишни ўқиш билан бирга олиб бораётган ходимларга кафолатлар ва компенсациялар 1 марта тегишли даражадаги таълим олаётганда берилади.

 

Яъни содда қилиб айтганда, 2-мутахассисликка ўқиётган ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланмайди.

 

Лекин ички ҳужжатлар, меҳнат шартномаси ёки иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган алоҳида келишувга мувофиқ таълим олишга юборилган ходимларга мазкур кафолатлар тақдим қилиниши мумкин.