Ҳиндистонда ўқувчи дарсга кечикканлиги учун ўтириб-туришга мажбурлангани сабаб вафот этди

Ҳиндистонда ўқувчи дарсга кечикканлиги учун ўтириб-туришга мажбурлангани сабаб вафот этди

Ҳиндистонда 6-синф ўқувчиси дарсга кечикканлиги учун 100 марта ўтириб-туришга мажбурлангани оқибатида вафот этди. Бу ҳақда NDTV нашри хабар берди.

 

Унинг оиласи қизининг ўтириб-туришга мажбур бўлган вақтда мактаб сумкасини кўтариб турганини ва бу унинг оғриғини кучайтирганини даъво қилган.

 

Маълум бўлишича, ҳолат 8 ноябрь «Болаларни ҳимоя қилиш» кунида содир бўлган. Махараштра штатидаги 12 ёшли ўқувчи мактабга атиги ўн дақиқа кечикиб келгани учун ўқитувчиси томонидан жисмоний жазога тортилган.

 

Васаи шаҳридаги Shree Hanumant Vidya Mandir ўрта мактабининг 6-синф ўқувчиси Кажал Гонд 100 марта ўтириб-туриш жазосидан сўнг белининг пастки қисмида кучли оғриқни ҳис қилган.

 

Ўқувчи қиз уйга қайтганида, унинг соғлиғи ёмонлашган ва Наласопарадаги касалхонага ётқизилган.

 

Бироқ, унинг аҳволи ёмонлашгач, у Мумбайдаги JJ Hospital касалхонасига ўтказилади ва у ерда даволаниш пайтида вафот этади.

 

 

Кажалнинг оиласи қаттиқ жазо унинг соғлиғининг тез ёмонлашишига ва охир-оқибат ўлимига сабаб бўлганини даъво қилмоқда.

 

Бу воқеа ота-оналар ва маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлган, улар ўқитувчи ва мактабга қарши қатъий чоралар кўрилишини талаб қилишмоқда.

 

Maharashtra Navnirman Sena (MNS) ташкилоти масъул шахсларга қарши жиноий иш қўзғатилмагунча мактаб қайта очилишига рухсат берилмаслиги ҳақида огоҳлантирди.