Talimxabarlari.uz халқаро талабалар куни муносабати билан Ўзбекистонлик талабаларга «Сиз талаба сифатида нимани орзу қиласиз?» «Ўзбекистонда талабаларга энг кўп етишмаётган имконият деб нимани биласиз?» «Ўзингизнинг келажак режангизда таълим қандай ўрин тутади?» «Агар битта ўзгариш киритиш имконингиз бўлса, талабалик ҳаётида нимани ўзгартирган бўлардингиз?»- дея саволлар йўллади. Қуйида юртимиздаги ОТМларда таҳсил олаётган турли ёшдаги йигит-қизларнинг жавобларини келтириб ўтамиз:
Бирор стипендия олишни орзу қиламан десам хато бўлмайди. Фанга доир битта бўлса ҳам яхшироқ нарса ёзишни хоҳлайман. Доим талабалар учун эркинлик бўлгани яхши. Ҳар қандай режада таълимни ўрни алоҳида бўлади. Шу билан бирга мени келажак режамда ҳам таълим яхшигина аҳамиятга эга — дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 4- босқичи талабаси.
Талаба сифатида орзуйим қизил диплом олиш, Ўзбекистонлик талабаларга етишмайдиган имконият деб иш ўрни билан етарлича таъминланмаганликни айтган бўлар эдим. Таълим йўналиши бўйича ишлаш нийятим йўқ, лекин ўқиш ва шахсий ривожланиш анча юқори ўринда туради. Таълимга ўзгартириш киритиш имконим бўлганда, Ҳемис тизимини ва формани ўзгартирган бўлар эдим дейди — Тошкент давлат иқтисодиёт университети 3-босқичи талабаси.
Ассалому алайкум яхшимисиз талабалар куни билан. Кўпроқ ётоқхоналар бўлиши, кейин степендия кўпроқ контракт камроқ бўлиши). Ҳа кейин ётоқхонага ногиронлиги борларни қўямиз дийишатта таниш билишларини қойишади ёкида универда ишледиганларни . Менимча ётоқхона 3 та 4 та бино бўлса яхши бўларди . Кутубхонадаги китобларни уйга олиб кетгани беришса янаям яхшироқ бўларди — дея жавоб берди яна бир талаба.
Мен учун энг катта орзу — ўзим танлаган соҳада кучли мутахассис бўлиш. Ўзбекистонда талабалар учун етишмаётган нарса — бу амалиёт ва замонавий технологиялар билан ишлаш имконияти. Шунинг учун, агар таълимга битта ўзгариш кирита олсам, талабалик ҳаётини амалиёт билан бойитган бўлардим. — дейди Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси.
Айни пайтда менинг энг катта орзум ўқиётган соҳамда ўз ўрнимни топиш ва мустақил фикрловчи мутахассис бўлиш. Талабаларга энг кўп етишмаётган нарса бу эркин фикрлаш, тажриба майдонлари ва сифатли менторлик деб ҳисоблайман. Таълим эса менинг келажагимда йўналиш берувчи асосий кучдир. Агар бир ўзгариш киритиш имконим бўлса, талабаларга кўпроқ амалий лойиҳа ва ҳақиқий ҳаётга яқин тажрибалар асосида методика ишлаб чиққан бўлардим — дейди Самарқанд давлат университети 2-босқичи талабаси.
Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистонда 1,5 миллиондан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Бу — мамлакат аҳолисининг қарийб 4 фоизини ташкил этади. Талабалар республикамиздаги 205 та олий таълим муассасасида билим олмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ОТМларида 16 597 нафар хорижий талаба таҳсил олмоқда, уларнинг 11 минг нафардан ортиғи тиббиёт йўналишида ўқийди.
Talimxabarlari.uz сайти жамоаси барча талаба ёшларни бугунги кун муносабати билан чин қалбдан муборакбод этади. Сизнинг ҳар бир ўқиган саҳифангиз, қилган ишингиз, сарфлаган меҳнатингиз келажакнинг мустаҳкам пойдеворини яратади. Ўқишга бўлган иштиёқингиз ҳеч қачон сўнмасин. Янги ғоялар, янгиликка чанқоқлик ва орзуларингиз доимо сизни олдинга бошлаб борсин!
Сизнинг ҳам юқоридаги саволларга ўз жавобингиз бўлса, уни @talimxabarlariga_bot орқали юборинг.
