Муҳокамалар порталида «Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Лойиҳага кўра:
– ҳар йили декабрь ойида «Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги» ўтказилади. Унинг доирасида барча умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида «Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари» фестивали (очиқ эшиклар куни) ташкил этилади;
– 2026 йил июндан бошлаб «Болалар ва ёшлар учун инсон ҳуқуқлари таълими: гендер тенглиги, иқлим ўзгариши ва рақамли инклюзия» номли миллий инновасион ташаббуслар танлови йўлга қўйилади. Танлов учун махсус Низом ишлаб чиқилади ва у ҳар йили мунтазам ўтказилиб борилади;
– 2026 йил декабрдан инсон ҳуқуқлари таълими билан боғлиқ долзарб масалаларга бағишланган илмий-тадқиқот лойиҳалари танлови эълон қилинади. Бунда илмий мавзулар шакллантирилади, экспертиза асосида сараланади ва давлат илмий дастурлари доирасида молиялаштирилади;
– 2026 йил январдан умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида «Омбудсман соати» жорий этилади;
Шунингдек, 2026–2029 йиллар давомида мактабларда «Келажак соати» дарслари мазмунига инсон ҳуқуқлари мавзуларини киритиш режалаштирилган. Ўқувчилар ўртасида «Менинг ҳуқуқларим» мавзусида иншолар, расмлар ва видеороликлар танловлари ўтказилади.
Профессионал ва олий таълим муассасаларида «Инсон ҳуқуқлари», «Аёллар ҳуқуқлари», «Бола ҳуқуқлари» фанларининг ўқитилиши мунтазам мониторинг қилинади.
Шунингдек, 2026 йил сентябрдан «Менинг рақамли ҳуқуқларим» мавзусида республика бўйлаб интерфаол тренинглар, дебатлар, «Digital Rights Week» тадбирлари ва #MyDigitalRights хештег компанияси ўтказиш таклиф этилмоқда.
