Агар ўқитувчи тоифа синовидан «йиқилса», у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинадими?

Агар ўқитувчи тоифа синовидан «йиқилса», у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинадими?

Ўқитувчи аттестациядан «йиқилса» (ўта олмаса, паст балл тўпласа) у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинадими?

 

Бу биринчи навбатда аттестациянинг турига боғлиқ. Навбатдан-ташқари аттестация бўлса, паст натижа бўлса ҳам, салбий қарор қабул қилинмайди, албатта. Навбатдаги-мажбурий аттестация бўлса, паст натижа қайд этилганда меҳнат шартномаси белгиланган тартибда бекор қилиниши ҳам мумкин.

 

Тегишли Низомнинг 44-бандига кўра, иккита босқич натижаларига кўра:

 

г) мутахассис ёки олий маълумотли ўқитувчи лавозимидаги педагог кадр:

 

– 60 балл ва ундан юқори кўрсаткичга эга бўлса — аттестациядан ўтган, иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими) берилган;

 

– 55 баллдан 59 баллгача кўрсаткичга эга бўлса — аттестациядан ўтган, мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозими сақланган;

 

– 55 баллдан кам кўрсаткичга эга бўлса — аттестациядан ўтмаган, мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозимига мувофиқ эмас деб (навбатдан ташқари аттестацияга жалб этилган педагог кадрлар бундан мустасно) ҳисобланади.

 

д) (янги қўшилган кичик банд) олий маълумотга эга бўлмаган педагог кадрларга малака тоифалари берилмайди, улар:

– 55 балл ва ундан юқори кўрсаткичга эга бўлса — аттестациядан ўтган, лавозими сақланган;

– 55 баллдан кам кўрсаткичга эга бўлса — аттестациядан ўтмаган, ўқитувчи лавозимига мувофиқ эмас, деб ҳисобланади.

 

Навбатдан ташқари аттестацияга жалб этилган педагог кадрлар аттестациядан ўта олмаган тақдирда, уларнинг малака тоифаси (лавозими) туширилмайди ҳамда улар лавозимига мувофиқ эмас деб ҳисобланмайди.

 

Олий маълумотга эга бўлмаган ҳамда мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозимидаги педагог кадрлар навбатдаги мажбурий аттестациядан ўта олмаган тақдирда, иш берувчи ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли у билан тузилган меҳнат шартномасини меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш ҳуқуқига эга.

 

44 -1. Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилмаган тақдирда, навбатдаги мажбурий аттестациядан ўта олмаган олий маълумотга эга бўлмаган ҳамда мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозимидаги педагог кадр навбатдан ташқари аттестацияга кўпи билан кетма-кет икки марта жалб этилади.

 

Бунда икки мартадан бирортасида ҳам навбатдан ташқари аттестациядан ўта олмаган ёки узрли сабабсиз (касалликка чалиниши оқибатида меҳнатга қобилиятсизлик даврида ҳамда давлат ёки жамоат вазифаларини бажарганлигидан ташқари ҳолларда) аттестацияда иштирок этмаган педагог кадр билан тузилган меҳнат шартномаси меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли бекор қилинади.

 

Аттестациядан ўта олмаган олий маълумотга эга бўлмаган ҳамда мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозимидаги педагог кадрларни кетма-кет икки марта навбатдан ташқари аттестацияга жалб этишга педагог кадр фаолият кўрсатаётган таълим ташкилотининг раҳбари шахсан жавобгар ҳисобланади.

 

Аттестациядан ўта олмаганлиги сабабли меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда педагогларнинг меҳнат шартномаси (ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли) бекор қилинган тақдирда, педагог кадр фақат ўз хоҳиши билан навбатдан ташқари Касбий сертификатлаш синовида иштирок этиб, сертификатни қўлга киритган ҳолдагина, яна педагог сифатида ишга қабул қилиниши мумкин.