Президентнинг 2025 йил 23 октябрда «Касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–316-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, касбий таълим тизимини 2030 йилгача ислоҳ қилишнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди, жумладан:
– халқаро ва қўшма таълим дастурлари жорий этилган техникумлар сонини камида 250 тага етказиш;
– 9-синф битирувчиларининг касбий таълим билан қамровини амалдаги 29 фоиздан 50 фоизга етказиш;
– касбий таълим тизимида дуал таълим улушини амалдаги 9 фоиздан 40 фоизга етказиш;
– касбий сертификатга эга ишлаб чиқариш таълими усталари улушини 30 фоизга етказиш;
– хорижда малака ошириш ва стажировка ўташ дастурларида иштирок этган педагоглар сонини 100 нафардан 2 500 нафаргача ошириш.
Эндиликда 10-синф ўқувчилари ўқишини техникумларга кўчиришга рухсат берилади.
2026 йилдан бошлаб 5 май куни «Касб ва меҳнат куни» сифатида ҳар йили кенг нишонланади. Унинг доирасида жамоатчилик, айниқса, ёшлар орасида касблар жозибадорлигини ошириш ва касбий таълимни оммалаштиришга қаратилган тадбирлар тизимли равишда ўтказилади.
