Президентнинг ПФ-190-сон Фармони билан Касбий таълим агентлигининг асосий вазифалари белгиланди.
Жумладан, Агентлик томонидан,
Касбий таълимни мувофиқлаштириш бўйича:
– техникумлар фаолияти методик жиҳатдан мувофиқлаштирилади ва бошқарилади;
– директор ва уларнинг ўринбосарлари танлов асосида тайинланади;
– меҳнат бозори эҳтиёжидан келиб чиқиб, ўқувчиларни қабул қилиш режаси тасдиқланади;
– мулкчилик шаклидан қатъи назар барча техникумлар учун мажбурий бўлган касбий таълим дастурлари бўйича бериладиган малака даражалари, ўқитишнинг минимал муддатлари, битирувчилар билимини баҳолаш тартиби ва техникумларнинг ўқув-методик базасига қўйиладиган ягона талаблар белгиланади.
Таълим мазмуни ва дастурларини такомиллаштириш бўйича:
– табақалаштирилган ўқув дастурлари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинади;
– техникум ва корхоналар ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилиб, дуал таълим тизими ривожлантирилади;
– ҳаёт давомида ўқиш тамойили татбиқ этилиб, аҳолининг турли тоифалари учун касбга ўқитиш имкониятлари яратилади;
– ўқув жараёнида интерактив, рақамли ва инновацион ўқитиш технологиялари жорий этилади;
– техникумлар ўқув-услубий материаллар ва адабиётлар билан таъминланади.
Педагог кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича:
– ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ташкил қилинади;
– педагоглар аттестациядан ўтказилиб, уларга малака тоифалари берилади;
– педагоглар фаолиятини самарали баҳолаш ва рағбатлантириш тизими жорий этилади.
Инфратузилмани ривожлантириш бўйича:
– техникумларнинг лаборатория ва устахоналари замонавий техника, асбоб-ускуна ва сарфловчи материаллар билан таъминланади;
– касбий таълимда давлат-хусусий шериклик ривожлантирилади.
Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича:
– қўшма ва халқаро таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади;
– хорижий мутахассислар таълим жараёнига жалб этилади, маҳаллий ўқитувчилар чет элда малака оширишга юборилади;
– касбий таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказишга кўмаклашилади.
Ушбу йўналишлар касбий таълим тизимини замон талаблари даражасида ривожлантиришга хизмат қилади.
