Вазирлар Маҳкамасининг қарори 2025 йил 17 октябрдаги «Олий таълим ташкилотларида тюторлик фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги 656-сон қарори тасдиқланди.
Низомга кўра, тюторларнинг айрим ҳуқуқ ва мажбуриятлари мавжуд .
Тюторлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
– давомат ва ўзлаштиришни мониторинг қилиб бориш мақсадида ўзига бириктирилган талабаларнинг дарсларини кузатиш;
– талабаларнинг талабалар турар жойига жойлашиши ва ундан чиқарилиши ҳамда яшаш шароитларини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш;
– талабаларга тавсифнома ва академик таътил бериш масаласини ҳал этишда иштирок этиш, факультетда (олий мактабда) талабалар ҳақидаги мавжуд маълумотлардан хизмат фаолияти доирасида фойдаланиш;
– талабалар билимининг баҳоланишини кузатиш.
Тюторлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Тюторлар меҳнат шартномасида кўрсатилган ишлар билан бир қаторда, асосий ишидан бўш вақтида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўриндошлик асосида педагогик фаолият билан шуғулланиши мумкин.
Қуйидагилар тюторларнинг мажбуриятлари ҳисобланади:
– талабаларнинг одоб-ахлоқ кодекси ва ички тартиб-қоидаларга риоя этилишини кундалик назорат қилиш;
– талабаларнинг шаъни, қадр-қиммати ва обрўсини ҳурмат қилиш, улар ҳақидаги шахсий маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор қилмаслик;
– талабалар ва уларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни олий таълим ташкилоти низоми, ички тартиб-қоидалари, одоб-ахлоқ кодекси, талабалар турар жойидан фойдаланиш қоидалари ва таълим фаолиятини тартибга солувчи бошқа ҳужжатлар билан таништириш;
– талабалар билан боғлиқ фавқулодда муаммоли вазиятлар юзасидан зудлик билан факультет (олий мактаб) декани ва бошқа масъулларга ахборот бериш.
Тюторлар зиммасига қонунчилик ҳужжатларига мубофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.
