Ҳомиладор педагогни штатлар қисқариши муносабати билан ишдан бўшатиш мумкинми?

Ҳомиладор педагогни штатлар қисқариши муносабати билан ишдан бўшатиш мумкинми?

Меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперт Муҳаммадамин Каримжоновнинг маълум қилишича, адвокатлик бюросига Қарши шаҳридаги мактабдан мурожаат келиб тушган.

 

 

Унда айтилишича, ҳомиладор аёлга штатлар қисқариши муносабати билан огоҳлантириш хати берилган. Бу ҳолат 2025 йил 1 октябрдан мактаб маслаҳатчиси лавозимининг жорий этилиши муносабати билан, директор ўринбосарларининг штати мақбуллаштирилиши ортидан содир бўлган.

 

 

Экспертнинг таъкидлашича, аёлни ҳомиладорлиги ёки шахсни ёш болани парвариш қилаётганини била туриб, ишдан бўшатиш қонунчиликка зид.

 

 

Сабаби, Меҳнат Кодексининг 163-модда 1-қисм 6-бандига кўра ҳомиладор аёллар (ушбу Кодекс 408-моддаси) ва уч ёшгача боласи бўлган ходимлар (ушбу Кодекс 409-моддаси) учун кафолатлар беришни назарда тутадиган талабларга риоя қилмасдан иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади.

 

 

Меҳнат Кодексининг 408-моддасига кўра, ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди, бундан ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилган ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг иш фаолияти тугатилган ҳоллар мустасно.

 

 

Шунингдек, Жиноят кодексининг 148-моддасига мувофиқ аёлни ҳомиладорлиги ёки шахсни ёш болани парвариш қилаётганини била туриб, ишдан бўшатиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

 

 

Бироз вақт ўтиб, мутахассиснинг ёзишича, бу масала ижобий ҳал бўлган. Ходимга берилган огоҳлантириш хати қайтариб олинган.