«Мактаб маслаҳатчилари фақат қарор имзоланганидан сўнг иш бошлайди» — вазирлик

«Мактаб маслаҳатчилари фақат қарор имзоланганидан сўнг иш бошлайди» — вазирлик

Хабарингиз бор, Президентнинг «Мактабдан ташқари таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ-277-сонли қарорига мувофиқ, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида мактаб маслаҳатчиси лавозимини жорий этиш белгиланган эди.

 

 

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2025 йил 30 сентябрь куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 368-сонли буйруқ қабул қилинган. Унда лавозим жорий этиладиган мактаблар рўйхати, ишга қабул қилиш тартиби ҳамда маслаҳатчиларнинг малака талаблари тасдиқланган.

 

 

Бироқ Халқтаълиминфо.уз нашрининг маълум қилишича, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мазкур лавозимни 1 октябрдан эмас, балки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори имзоланганидан сўнг жорий этилишини билдирган.

 

 

Вазирлик ахборотига кўра, қарор қабул қилингач, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) даражасида «Келажак» марказлари тузилмаси шакллантирилади ва уларнинг раҳбарлари тайинланади. Шундан сўнг мактаб маслаҳатчилари лавозимига мутахассисларни ишга қабул қилиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар тузилади.

 

 

Номзодлар суҳбат асосида сараланади. Муваффақиятли ўтганлар учун махсус ўқув курси ташкил этилиб, якунида тест синовлари ўтказилади. Синовдан ўтганларга махсус «гувоҳнома» берилади. Мазкур ҳужжат асосида улар таълим муассасаларига йўналтирилиб, мактаб директорларининг буйруғи билан лавозимга тайинланади.

 

Мактаб маслаҳатчиси лавозимини жорий этиш жараёни икки босқичда амалга оширилади:

 

 

– Биринчи босқичда — 2025 йил декабрь ойигача 3400 та мактабда лавозим жорий этилади.

 

– Иккинчи босқичда — 2026 йил январидан бошлаб қолган 7 мингга яқин мактабларда жараён давом эттирилади.

 

Шу тариқа, мактаб маслаҳатчиси лавозими 2025 йил 1 октябрдан эмас, балки Вазирлар Маҳкамаси қарори имзоланганидан сўнг амалиётга жорий этилади. Шунингдек, 2025 йил 30 сентябрда қабул қилинган 368-сонли вазирлик буйруғи мазкур қарор кучга киргач ўз аҳамиятини йўқотиши мумкинлиги қайд этилган.