ТАLIS 2024 ҳисоботи: Ўзбекистон ўқитувчилари дунёдаги энг ёш педагоглар қаторида

ТАLIS 2024 ҳисоботи: Ўзбекистон ўқитувчилари дунёдаги энг ёш педагоглар қаторида

ОESD халқаро тадқиқотига кўра, Ўзбекистон ўқитувчиларининг ўртача ёши 39 ёшни ташкил этади. Бу ОESD мамлакатлари ўртачасидан қарийб олти ёшга кам.

 

 

ОESD (Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти) томонидан ўтказилган Teaching and Learning International Survey (ТАLIS 2024) халқаро сўрови натижаларига кўра, Ўзбекистон ўқитувчилари дунё миқёсида энг ёш педагоглар қаторига киради.

 

 

Ҳисоботда қайд этилишича, мамлакатдаги ўқитувчиларнинг ўртача ёши 39 ёш, бу ОESD мамлакатлари ўртача кўрсаткичидан (45 ёш) анча паст. Шунингдек, 22 фоиз ўқитувчилар 30 ёшдан кичик, яна 22 фоизи 50 ёшдан катта. Ушбу рақамлар таълим тизимида ёш кадрлар улуши ортиб бораётганини кўрсатади.

 

«Ўзбекистон ўқитувчилари орасида ёшлар улуши ОESD мамлакатлариникига қараганда икки баравар кўп. Бу таълим тизимига янги авлод ўқитувчилари фаол кириб келаётганини кўрсатади,» — дейилади ҳисоботда.

 

ТАLIS 2024 ҳисоботи: Ўзбекистон ўқитувчилари дунёдаги энг ёш педагоглар қаторида

 

Гендер нисбати бўйича Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг 64 фоизи аёллар, бу ОESD ўртачаси (70%)дан бироз паст.

 

 

Шунингдек, 31 фоиз ўқитувчилар илгари таълимдан ташқари соҳада ишлаган, аммо атиги 1 фоиз ўқитувчиликни иккинчи касб сифатида танлаган. Бу эса ўқитувчилик касбини онгли танлов сифатида танлаётганлар сони ортаётганини билдиради.

 

 

Мутахассислар фикрича, ёш ўқитувчилар сонининг ошиши таълим тизимининг янгиланиши, методик ёндашувларнинг модернизацияси ҳамда рақамли саводхонликнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

 

 

Маълумот учун, ОESD — бу Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти бўлиб, 1961 йилда Парижда ташкил этилган. Ташкилотга 38 та мамлакат аъзо. Унинг мақсади — иқтисодий ўсиш, ижтимоий фаровонлик ва таълим сифатини яхшилаш.

 

ОESD дунё миқёсида таълим соҳасида энг йирик тадқиқотларни ўтказади, жумладан:

 

PISА — ўқувчилар билимини баҳолайди;

 

ТАLIS — ўқитувчиларнинг иш шароити ва тажрибасини ўрганади.

 

 

Унинг маълумотлари кўплаб давлатларда таълим сиёсатини шакллантиришда асосий манба сифатида ишлатилади.