Афғонистоннинг Нангарҳор вилоятида катталар саводхонлигини ошириш бўйича машғулотлар ўтказиб келган 90 нафар аёл ўқитувчи ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Amu.tv манбаларига таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, ушбу аёллар Таълим бошқармаси таркибида ишлаб, асосан қишлоқ жойларда катталар учун дарслар ташкил этиб келган. Уларнинг маоши жамоат таълими дастурларини қўллаб-қувватловчи гуманитар ташкилотлар томонидан тўлаб келинган. Бироқ “Толибон” бу машғулотларни тўлиқ тўхтатиб, барча аёл ўқитувчиларни ишдан бўшатган.
Бу қадам “Толибон”нинг 2021 йилда ҳокимиятга қайтганидан бери аёлларнинг таълим олиши ва ишлаш ҳуқуқларига қўйилган чекловларнинг навбатдагиси бўлди. Аввалроқ улар қизларнинг ўрта мактаб ва олийгоҳларда ўқишини тақиқлаган ҳамда аёлларнинг меҳнат фаолиятини асосан соғлиқни сақлаш соҳаси билан чегаралаб қўйган эди.
Халқаро ёрдам ташкилотлари эса аёлларни таълим соҳасидан четлатиш гуманитар ва ривожланиш дастурларига, айниқса, аёллар ва қизлар учун йўналтирилган саводхонлик ҳамда жамоат таълими лойиҳаларига жиддий салбий таъсир кўрсатаётганини қайд этмоқда. “Толибон” эса бу ҳолат юзасидан ҳали расмий муносабат билдирмаган.
ЮНЕСКО маълумотларига кўра, Афғонистондаги аёлларнинг 30 фоиздан ҳам камроғи саводли бўлиб, бу кўрсаткич жаҳондаги энг паст даражалардан бири ҳисобланади. БМТ эса қизлар таълимига қўйилган тақиқлар ва аёл ўқитувчиларга нисбатан чекловлар мамлакатдаги охирги 20 йилда эришилган ютуқларни йўққа чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
