Ижтимоий тармоқларда ногиронлиги бор бола калтаклангани акс этган видео тарқалди. Бу тасвир жамоатчиликда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Видеони ёзиб олган аёл Сирдарё вилояти Боёвут туманида истиқомат қилишини, унинг фарзанди эса Тошкентда зўравонликка учраганини айтган.
«Ўғлим иккинчи гуруҳ ногирони. Яхши ният билан Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 7-поликлиника олдида жойлашган имконияти чекланган болалар учун касб-ҳунар саноат техникумига ўқиши, ҳунар ўрганиши учун бергандим. Центабрда уч ҳафтагина ўқиди. 29-центабр куни боламни олиб келишга борсам, у шундай аҳволда экан: танаси кўкарган, урилган. Ўғлимнинг айтишича, кўкрагига муштлаб, орқасига эса камар билан уришган. Ваҳшийларча урган, боламнинг тишини синдирган. Мана, пастки тиши цинган. Юзи ҳам шундай, бугун кўзлари очилган ҳолати шу», — дейди она.
Унинг сўзларига кўра, 3 кундан буён фарзандидан ҳеч ким хабар олмаган.
«Боламга ким ёрдам беради? Ким менга бу ҳолатни тушунтириб беради? Ким шунчалик боламга зулм ўтказди? Ваҳшийларча урган, танасига қараб бўлмайди. Илтимос, менга ёрдам беринглар. Боламнинг соғлиги, келажаги учун қилган барча ҳаракатларимни бир пул қилди булар», — дея қўшимча қилган аёл.
Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг маълум қилишича, ташкилотга фуқаро Х.Г. томонидан мурожаат келиб тушган. Аёлнинг таъкидлашича, 2025 йил центабр ойида Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги касб-ҳунар техникумида таҳсил олаётган 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган вояга етмаган фарзанди Р.Ф.га нисбатан турли жисмоний зўравонлик содир этилган.
«Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Болага етказилган жароҳатлар бўйича суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Болалар омбудсмани ҳолат юзасидан ўз кузатувини давом эттиради», — дейди Раҳмонова.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги эса бу воқеа юзасидан муносабат билдириб, уни ҳар томонлама ва холисона ўрганиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ тузилганини маълум қилди.
