Ҳиндистонда ўтказилган тажриба давомида талабаларга бутун семестр давомида дарс жараёнида смартфон ишлатиш тақиқланган.
Тадқиқот Ҳиндистоннинг Одиша штатидаги 10 та олийгоҳда 17 мингга яқин талаба иштирокида ўтказилган. Натижада, дарс вақтида телефон ишлатмаган талабалар семестр охирида бундай чеклов бўлмаган гуруҳдагиларга қараганда юқорироқ баҳоларга эга бўлган.
Тажриба тафсилотлари
Тажриба 2024 йил февралдан майгача давом этган бўлиб, 16 955 талаба тасодифий тарзда назорат ва тажриба гуруҳларига бўлинган. Масалан, бир университетда 1-босқич психология талабалари тажриба гуруҳига, иккинчи босқич иқтисод талабалари эса назорат гуруҳига киритилган. Назорат гуруҳлари одатдагидек ўқишни давом эттирган, тажриба гуруҳидаги талабалар эса ҳар дарс бошида телефонларини махсус қутиларга топширишган.
Тадқиқотдан аввал икки гуруҳнинг ўртача баҳолари деярли тенг бўлган. Тўрт ой ўтгач, телефонсиз ўқиган талабалар баҳолари сезиларли даражада ошган. Ўртача кўрсаткич 0,086 стандарт оғиш миқдорига кўтарилган.
Олимларнинг таъкидлашича, айниқса паст баҳолилар ва биринчи босқич талабалари кўпроқ ижобий натижа кўрсатган. Шу боис, улар телефон тақиқи мактаб ўқувчилари учун янада самаралироқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.
Баҳоларнинг яхшиланиш сабаби аниқ эмас. Тахминан, талабалар дарсда камроқ чалғиган бўлиши мумкин. Аммо 2,5 минг талабадан олинган сўров натижалари бунга исбот бермаган: улар дарс жараёнида сезиларли фарқ бўлмаганини айтишган.
Дастлабки хулосалар тасдиқланмади
Тадқиқот муаллифларидан бири — Прадип Чудҳури дастлабки натижаларни Россиядаги Олий иқтисодиёт мактаби семинарида тақдим этганда, телефон тақиқи талабалар орасида смартфондан фойдаланишни умумий камайтирганини айтган. Аммо якуний мақолада бу маълумот тасдиқланмаган.
Сўров натижаларига кўра, талабалар тақиқни фойдали деб ҳисоблашган, лекин уларнинг психологик ҳолати ёки одатларида сезиларли ўзгариш бўлмаган.
Аввал тадқиқот 18 та олийгоҳ ва 40 минг талаба иштирокида ўтказилиши режалаштирилган. Бироқ айрим олийгоҳлар тадқиқот протоколига тўлиқ амал қилмаган, баъзи талабалар эса сўровномани охиригача тўлдирмаган. Шу сабабли якуний таҳлил фақат ишончли деб топилган маълумотларга асосланган. Асосий ва энг муҳим натижа — баҳоларнинг ошгани бўлган.
