Япониянинг Аичи префектураси Тойоаке шаҳрида ижтимоий тармоқлар, ўйинлар ва бошқа онлайн контентга қарамликнинг олдини олиш мақсадида шаҳар кенгаши аҳолига смартфондан кунига икки соатдан ортиқ фойдаланмасликни тавсия этувчи қарорни маъқуллади. Бу ҳақда Тhе Аsahi Shimbun нашри хабар берди.
Жорий йилнинг 22 сентябрь куни кўпчиликнинг овози билан қабул қилинган ушбу мажбурий бўлмаган қоида Японияда нафақат болаларни, балки барча фуқароларни қамраб олган илк ташаббус ҳисобланади.
1 октябрдан кучга кирадиган қоидага кўра, бошланғич мактаб ўқувчилари соат 21:00 дан кейин смартфондан фойдаланмаслиги керак. 18 ёшгача бўлган ўқувчилар эса экранларини соат 22:00 га қадар ўчириб қўйишлари тавсия қилинади.
Бундан асосий мақсад — оилаларда ортиқча онлайн вақтдан қочиш, етарли уйқуни таъминлаш ва оила аъзолари биргаликда муҳокама қилиб, қоидаларни белгилашига ундашдан иборат.
Смартфондан иш ёки ўқиш мақсадида фойдаланиш қоидалардан мустасно. Шунингдек, оила ва дўстлар билан биргаликда ўйналадиган онлайн ўйинлар ҳам соғлом дам олиш ва ижтимоий мулоқотни ривожлантирувчи машғулот сифатида рухсат этилади.
Маълум қилинишича, қоидалар кучга киргач, шаҳар таълим кенгаши ота-оналар учун маслаҳат хизматлари ташкил этади ва оилаларда қоида белгилаш ҳамда уйқу одатларини ўрганиш бўйича сўровлар ўтказади. Ташаббус ота-оналарнинг мурожаатларидан сўнг илгари сурилди. Уларнинг фарзандлари мактабга бормай қўйган, бунга эса смартфондан ортиқча фойдаланиш сабаб бўлаётгани тахмин қилинган.
««Икки соат» ибораси ҳаддан ташқари соддалаштирилди. Бу қоида оилаларни фойдаланиш одатларини қайта кўриб чиқишга ва етарли уйқуни таъминлаш учун қоидаларни муҳокама қилишга ундашга қаратилган,» — деди шаҳар ҳокими Масафуми Коки.
