Ижтимоий тармоқларда айрим ҳудудларда мактаб директори ва психологларига хусусий олийгоҳларга абитуриент жалб қилиш бўйича топшириқ берилгани ҳақида хабар тарқалди.
Хабарда келтирилишича, Сурхондарё вилоятидаги айрим мактабларда ўқитувчи ва психологларни хусусий университетга абитуриент жалб қилишга мажбурланган.


Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Дилдора Мусаева билан боғландик. Унинг сўзига кўра, олий таълимга кира олмаган абитуриентларни бўш қолдирмаслик учун нодавлат олийгоҳлар ҳақида маълумотлар берилган бўлиши мумкин. Аммо мажбурлаш ҳолатлари бўлмаган.
«Хусусий университетга ўқувчиларни мажбурлаш ҳолати йўқ, бу асоссиз. Шунчаки олийгоҳга кира олмаган абитуриентларга бўш қолмасликлари учун тавсия қилинган бўлиши мумкин. Лекин мажбурлаш ҳолатлари бўлмаган», — таъкидлади у.
Эслатма: 2024 йил 1 февралдаги ЎРҚ-901-сон ҳужжатга кўра, педагогни бирон-бир шаклда меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш, шунингдек педагогнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки унинг ўз хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
Педагогни бирон-бир шаклда меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш жаримага тортилишга сабаб бўлиши мумкин.
Та’lim xabarlari сайти муносабатлар учун очиқ.
