Тошкент вилоятидаги бир неча мактабгача таълим муассасаларида болалар овқатдан заҳарлангани ҳақида хабар берган эдик.
Мактабгача ва мактаб вазирлиги болаларнинг барчаси соғайгани ва уларнинг саломатлигига хавф йўқлини тўлиқ тасдиқлади. Ҳозирда барча болалар ўз оилалари бағрига қайтган.
2-октабрдан бошлаб барча мактабгача таълим муассасалари ўз фаолиятини одатий иш режимида давом эттиради.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, айрим боғчаларда умумий овқатланиш хизматлари хусусий корхоналар томонидан аутсорсинг тизими орқали йўлга қўйилган. Шартномаларда санитария талаблари ва меъёрларига қатъий риоя қилиш белгиланган.
Шу билан бирга, Вазирлик ўз масъулиятини чуқур ҳис қилганини ва назорат механизмларини янада кучайтиришини маълум қилди.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда воқеа тафсилотлари ҳар томонлама ўрганилмоқда. Камчиликлар аниқланса, тегишли шартномалар қайта кўриб чиқилади ёки бекор қилинади.
Шунингдек, жойларда кўрсатилаётган аутсорсинг хизматлари сифати устидан назорат тизими янада кучайтирилади.
Бу жараёнга ота-оналар, экспертлар ва журналистлардан иборат жамоатчилик комиссияси ҳам жалб этилиб, уларнинг хулосалари жамоатчиликка мунтазам етказиб борилади.
Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун тизимли чоралар кўрилишини маълум қилди. Бу чоралар нафақат мавжуд ҳолатни бартараф этишга, балки келгусида бу каби ҳолатларнинг такрорланишини олдини олишга ҳам қаратилган.
Вазирлик Прокуратура идоралари, Иқтисодиёт ва молия ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан ҳамкорликда барча зарур чораларни амалга оширади.
