Ўқитувчилар ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши мумкин

Ўқитувчилар ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши мумкин

Ҳукуматнинг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарорига кўра, мажбурий аттестацияга жалб қилинмайдиган педагоглар ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари тоифа синовларидан ўтишлари мумкин.

 

 

Низомнинг 4-бандига кўра, педагог кадрлар ҳар беш йилда бир марта навбатдаги мажбурий аттестациядан ўтказилади. Илгари аттестациядан ўтмаган ишга янги қабул қилинган педагог кадрлар ёки олий таълим ташкилотларини битириб биринчи бор ишга кирган педагог кадрлар касбий фаолиятига уч йил тўлгандан сўнг навбатдаги мажбурий аттестациядан ўтказилади (магистратурани тугатганлар бундан мустасно).

 

 

Педагог кадрлар ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши мумкин.

 

 

Навбатдаги мажбурий аттестация натижаларига кўра, амалдаги малака тоифаси (лавозими) оширилган, сақланган ёки туширилган, шунингдек, навбатдан ташқари аттестация натижаларига кўра амалдаги малака тоифаси (лавозими) оширилган ёки сақланган педагог кадрлар навбатдаги мажбурий аттестацияга беш йилдан сўнг жалб этилади.

 

 

Педагог кадрларнинг мажбурий аттестацияга ўз муддатида жалб этилиши учун педагог кадр фаолият кўрсатаётган таълим ташкилотининг раҳбари шахсан жавобгар ҳисобланади. Навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмайдиган педагог кадрлар ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестациядан ўтишлари мумкин.

 

 

Навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмайдиган педагог кадрларнинг амалдаги малака тоифалари (лавозимлари) сақланиб қолади ҳамда уларга таълим ташкилотларида ишлаган даврида мазкур малака тоифаси (лавозими) бўйича ҳақ тўланади.

 

 

Ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестацияда қатнашиб, малака тоифасини (лавозимини) оширган ёки сақлаб қолган педагог кадрларга оширилган ёки сақлаб қолинган малака тоифаси (лавозим) бўйича ҳақ тўланади.

 

 

Ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестацияда қатнашиб, аттестациядан ўта олмаган педагог кадрларнинг малака тоифаси (лавозими) туширилмайди ҳамда уларга навбатдан ташқари аттестацияда қатнашишдан олдин амалда бўлган малака тоифаси (лавозими) бўйича ҳақ тўланади.