Жорж Вашингтон университети қошидаги Европа, Россия ва Евроосиё тадқиқотлари институти (IERES) таркибида фаолият юритаётган Марказий Осиё дастури (CAP) Комил Алламжоновнинг махсус маслаҳатчи сифатида тайинланганини маълум қилди.
Университет президенти Эллер Гранберг Алламжоновни янги лавозим билан шахсан қутлади. Шу билан бирга, у Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг маслаҳатчиси сифатида ҳам ўз фаолиятини давом эттиради.
CAP раҳбари Себастьян Пейруз таъкидлашича, ушбу тайинлов Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёда рўй бераётган жараёнларни халқаро жамоатчиликка етказиш ҳамда уларни чуқурроқ таҳлил қилишда муҳим аҳамият касб этади. Унга кўра, бу қарор дастур мақсад қилганидек, илмий ҳамжамият билан амалийотчи мутахассислар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва минтақадаги ислоҳотларга холисона ёндашувни кучайтиришга хизмат қилади.
Пейруз, шунингдек, Алламжоновнинг ўзбек маданиятини дунёга танитиш, оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб бориш ҳамда Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги ва таълим сифатини оширишга қаратилган ташаббусларда иштирокини алоҳида қайд этди.
Маълумот учун, CAP Эллиотт мактаби қошидаги IERES доирасида ишлайди ва замонавий Марказий Осиё масалаларини тадқиқ қилиш, сиёсатчилар ҳамда экспертларни бирлаштирувчи платформа бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. У сиёсий, академик, дипломатик ва бизнес доираларда очиқ мулоқот майдонини яратади.
Дастур қамраб оладиган ҳудудлар: Марказий Осиёдаги беш давлат – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон, шунингдек Афғонистон, Озарбайжон, Шинжон-Уйғур автоном райони ҳамда Мўғулстон. Тадқиқотлар сиёсатшунослик, социология, антропология, иқтисодиёт, тарих, глобализация ва хавфсизлик масалаларини ўз ичига олади.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон учун илм-фан, дипломатия ва иқтисодиёт соҳаларида янги имкониятлар яратади. У халқаро тадқиқотлар ва тажрибалардан фойдаланиш орқали мамлакатдаги сиёсий-иқтисодий жараёнларни ривожлантиришга хизмат қилади, шунингдек Ўзбекистоннинг АҚШ, Европа, Россия ва қўшни давлатлар билан мулоқотини кучайтиради.
CAP фаолияти хавфсизлик ва стратегик тадқиқотларда янгича ёндашувларни шакллантиришга, турли нуқтаи назарларни муҳокама қилиш орқали минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Шунингдек, дастур ёш ўзбек тадқиқотчилари ва дипломатларига халқаро стандартларда билим олиш, малака ошириш ҳамда касбий ривожланиш учун кенг имкониятлар тақдим этади.
