«Толибон» таълим вазири Ҳабибулла Оға ўқувчиларни замонавий билимларни ўзлаштиришга чақирди. Вазир замонавий воситалар йўқлиги сабабли Афғонистон ҳаво ҳудуди хавфсиз эмаслигини айтди. Бу ҳақда Тolo News хабар берган.
«Ҳозирги замонда Калашников ёки қилич билан ҳимояланиб бўлмайди. Сизлар динингизни тўплар, дронлар, катта бомбалар ва самолётлар билан ҳимоя қиласиз. Лекин илмсиз, замонавий таълимсиз бу бомбалар, самолётлар, ракеталар қандай ясалади?» — деган у Пактиядаги мактаб очилишида.
Вазир талабаларни дин ва мамлакатни ҳимоя қилишда замонавий билимлар зарурлигини қайд этган.
«Диний илмлар ҳаётимизнинг мақсади, биз учун фарз ва биз уларни ўрганамиз. Лекин диний илм ҳаётимиз мазмуни бўлганидек, замонавий илмлар ҳам ватанимизга сув қанчалик зарур бўлса, шунчалик долзарбдир», — дейди Ҳабибулла Оға.
Пактиядаги оқсоқоллар вазирни замонавий таълимни кучайтириш учун профессионал ўқитувчилар, мактаб бинолари ва бошқа зарур шароитлар билан таъминлашга чақирган. Маълумот ўрнида, Япониянинг молиявий кўмаги билан Пактияда 196 миллион афғонийга 18 та мактаб учун янги бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилди.
