Болалар омбудсмани Сурхондарё вилояти Денов туманида 15 ёшли қиз турмушга берилгани ҳолати юзасидан айбдорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.
Аниқланишича, 8 июль куни Денов туманида яшовчи М.Р. (1958 й.т. аёл) вояга етмаган набираси А.Р.ни (2009 й.т. қиз) мазкур туманда яшовчи М.Р.га (1997 й.т. эркак) турмушга бериш маросимини ташкил қилган. А.Р вояга етмагани сабабли М.Р. билан никоҳ қонунда кўрсатилган тартибда қайд этилмаган бўлсада, фуқаро И.М (1950 й.т. эркак) моддий манфаат эвазига уларга шаръий никоҳ маросимини ўтказган.
Мазкур ҳолат юзасидан 22-центабр куни никоҳ ўқиган фуқаро И.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 125−1-моддаси (Никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш), қизга уйланган М.Р.га нисбатан эса ЖКнинг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Болалар омбудсмани вояга етмаганлар билан боғлиқ ҳар қандай эрта никоҳ ҳолатларини қоралашини билдирди.
Бундай ҳолат бола ҳуқуқларининг жиддий бузилиши ҳисобланади ҳамда қонунда белгиланган тегишли маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади, дейилади хабарда.
Аввалроқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ушбу ҳолатда маҳаллий профилактика инспектори томонидан қонунчиликка мувофиқ маъмурий жавобгарлик чораси қўлланиб, айбдорларга жарима белгиланганини хабар қилганди.
Қайд этилишича, ҳозирда вояга етмаган қиз Денов туманидаги касб-ҳунар мактабида таълим олмоқда, унинг ҳуқуқлари ва таълим жараёни мутасаддилар томонидан доимий назоратга олинган.
