Энди педагогларнинг фарзандлари камроқ контракт тўлайди

Энди педагогларнинг фарзандлари камроқ контракт тўлайди

Жорий 15 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида соҳа ходимлари билан ўтказган мулоқотида педагогларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббусларни айтиб ўтди.

 

 

Унда келгуси ўқув йилида давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига 30 фоиз чегирма берилиши таъкидланди.

 

 

Таъкидланишича, дунёдаги ТОП-300 талик олийгоҳларга ўқишга кирган педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратилади. Рейтингда 100 таликка кирган мактаб ва боғча, 20 таликдаги техникум, ТОП-10 та олийгоҳ педагогларига йилига бир марта Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун самолёт ва поездлар чипта нархларига 15-20 фоиз чегирма берилади.

 

 

Бакалавр босқичини имтиёзли диплом билан битириб, мактабга ишга кирганларга автоматик равишда 2-малака тоифаси, магистрларга эса 1-малака тоифаси берилиши айтилди.

 

 

Шунингдек, ҳар йили 500 нафар муаллим илғор хорижий таълим ташкилотларига, яна 500 нафар усталар эса чет элдаги йирик корхоналарга стажировкага юборилиши қайд этилди.

 

Бундан ташқари, айрим ўқитувчиларга устама ва имтиёзлар тақдим этилиши илгари сурилди:

 

– янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади;

 

– келаси йилдан педагоглар учун давлат хизматлари тўлови 2 карра камайтирилади;

 

– ўқитувчилар янги таълим технологияларини кенг қўллаши учун компьютер харидига 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилади;

 

– техникум устозларига миллий сертификат учун ойлигининг 30 фоизи, халқаро сертификатга эса 50 фоизи миқдорида устама тўланади;

 

– фан ўқитувчилари каби бошланғич таълим ўқитувчилари учун ҳам миллий сертификат бериш тизими жорий қилинади. Сертификат олганларга ҳар ойда 15 фоиз устама тўланади;

 

– техникум директори ва ўринбосарларига мактабдаги ҳамкасбларидан кам бўлмаган ойлик қилиб берилади. Агар улар «Директорлар мактаби»да менежерлик сертификатини олса, яна қўшимча 20 фоиз устама тўланади.