Термизда педагогларни концерт билетини олишга мажбурлаш ҳолати кузатилгани айтилмоқда

Термизда педагогларни концерт билетини олишга мажбурлаш ҳолати кузатилгани айтилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги 21-мактаб ўқитувчилари «1-октябр — Ўқитувчилар ва мураббийлар куни» муносабати билан ташкил этилган концерт учун билет сотиб олишга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

 

 

Маълумотларга кўра, шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими мактабга 15 та билет берган, ҳар бири 80 минг сўм. Мактаб директори видеомурожаатда билетларни ихтиёрий харид қилиш мумкинлигини билдирган ва қолган билетлар дарс ўтадиган устозлар орасида бўлиб берилишини айтган.

 

 

«Хоҳловчилар келиб, тўлов қилиб олиб кетасизлар, бўлмаса мана шу 15 та билетни «общий» мана шу мактабдаги дарс ўтадиган устозларга бўламиз. Масала, муаммо, шикоятлар бўлмасин. Кимда қандай масала бўлса, олдимга келсин», — дейди директор видеохабарда.

 

 

Шу мактабдаги педагоглардан бири билет олиш мажбурий қилинмоқда, деб билдирган:

 

 

«Оласизлар, мажбурий деб айтаяпти, мен директорман, оласан деб», — дейди мурожаатчи.

 

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий муносабат билдирди. Бошқарма Ўзбекистон қонунчилигига кўра педагогларни мажбурий пул йиғимларига жалб этиш ман этилган ва ҳолат юзасидан масъуллар бўйича тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинди.

 

 

Ҳозирда Термиз шаҳридаги 21-мактабда ҳолат ўрганилмоқда ва масала бошқарма назоратига олинган.

 

 

Вилоятдаги мактаб ёки мактабгача таълим ташкилотларида пул йиғилиши билан боғлиқ ҳолатларга дуч келган педагогларга Бошқарма ишонч телефони — (76) 227-35-45 — орқали мурожаат қилишлари ва уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари доимо қонун ҳимоясида эканлиги таъкидланган.