Афғонистон олий таълим тизимида аёллар ёзган китоблар эндиликда дарслик сифатида қўлланилмайди. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва жинсий зўравонлик мавзуларини ўргатиш ҳам ман қилинди.
BBC хабарига кўра, жами 680 та китоб «шариат ва Толибон сиёсатига зид» деб топилган. Уларнинг 140 таси аёллар муаллифлигига оид бўлса, ҳатто «Кимё лабораториясида хавфсизлик» сингари илмий-услубий қўлланмалар ҳам рўйхатга киритилган. Бундан ташқари, университетларда 18 та фан тақиқланган, уларнинг олтитаси аёллар мавзусига бағишланган — жумладан «Гендер ва тараққиёт», «Аёлларнинг коммуникациядаги роли» ва «Аёллар социологияси».
Тақиқланган китоблар муаллифларидан бири, собиқ Адлия вазири ўринбосари Закия Адели, бу қарор ҳақида шундай деди:
«Толибон сўнгги 4 йил ичида қилган ишларини инобатга олсак, ўқув дастурига бундай ўзгартишлар киритилиши ажабланарли эмас. Аёлларнинг ўзи ўқишга қўйилмаса, уларнинг фикрлари, қарашлари ва ёзганлари ҳам инобатга олинмайди.»
Янги тартиб август охирида расман эълон қилинган. Олий таълим вазирлиги расмийси Зийоурраҳмон Арёбий университетларга юборган мактубида бу қарор диний олимлар ва мутахассислар ҳайъати томонидан тасдиқланганини билдирган.
Тақиқ фақат аёллар асарларига эмас, балки эронлик муаллифлар ва Эрон нашриётлари чоп этган китобларга ҳам татбиқ қилинди. Қўмита вакилларидан бири буни «форсча ғояларнинг Афғонистон ўқув дастурига кириб келишининг олдини олиш» деб изоҳлаган.
Исмини ошкор қилишни истамаган бир профессор вазиятни шундай шарҳлаган:
«Эрон муаллифлари ва таржимонларининг китоблари Афғонистон университетларини глобал илмий ҳамжамият билан боғловчи асосий кўприк эди. Уларнинг йўқ қилиниши олий таълимда катта бўшлиқни юзага келтиради.»
Кобул университети профессори эса мавжуд муаммога эътибор қаратди:
«Муаммо шундаки, бу дарсликлар жаҳон стандартларига мос ҳолатда ёзиладими йўқми — бу ҳозирги энг долзарб савол.»
