Келаси йилдан менежерлик сертификати бор мактаб маслаҳатчиларига 30 фоиз қўшимча устамалар тўланади

Келаси йилдан менежерлик сертификати бор мактаб маслаҳатчиларига 30 фоиз қўшимча устамалар тўланади

Президентнинг жорий йил 8-сентябрдаги ПҚ-277-сон қарорига кўра, мактаб маслаҳатчиси лавозим маоши умумий ўрта таълим ташкилоти директори ўринбосари лавозим маошига тенглаштирилади.

 

 

Менежерлик сертификатига эга бўлган мактаб маслаҳатчиларига 2026-йил 1-сентябрдан бошлаб сертификатнинг амал қилиш муддати давомида лавозим маошига тегишлича ҳар ойлик 30 фоиз миқдорида қўшимча устамалар тўланади.

 

 

Умумий ўрта таълим ташкилотлари ўқувчилари билан ишлашда уларнинг ижтимоий кўникмаларини ривожлантириш мақсадида маҳалла, мактаб, оила ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигига асосланган тизим жорий этилади. Бунда:

 

 

– умумий ўрта таълим ташкилотларидаги маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ва психолог томонидан барча ўқувчиларнинг хулқ-атвори илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқиладиган индикаторлар асосида тизимли таҳлил қилинади;

 

– ўтказилган таҳлил натижаларига кўра ва ўқувчиларнинг шахсий ривожланиш эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда улар билан ишлашнинг мақсадли йўналишлари белгиланиб, ҳар бир йўналиш бўйича масъуллар ва индивидуал иш режалар тасдиқланади;

 

– ўқувчиларнинг етакчилик, ижодий ва ташаббускорлик қобилиятларини ривожлантириш, ижтимоий ва экологик лойиҳалар, тўгаракларга жалб қилиш ишлари мактаб маслаҳатчилари томонидан мувофиқлаштирилади;

 

– хулқ-атворида муайян мураккабликлар кузатилган ўқувчилар билан мақсадли ишлаш маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, мактаб психологлари, ёшлар етакчилари ҳамда маҳалла ва ота-оналар кенгаши билан ҳамкорликда амалга оширилади.