Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 578-сонли қарори қабул қилинди. Унга кўра, талабага олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг буйруғи билан қуйидаги ҳолларда курсдан-курсга қолдирилади:
– белгиланган муддатларда фанларни ўзлаштира олмаганида (академик қарздор бўлганда), академик рейтинг-модуль тизими асосида ташкил этилган таълим йўналишларига бундан мустасно;
– белгиланган муддатларда академик қарздорликни бартараф этмаган таълим йўналишларида семестр ва ўқув йили якуни натижаси бўйича ГПА ўтиш баллининг қийматига етмаганида;
– малакавий амалга қатнаша олмаган, шу жумладан, малакавий амалиёти якунида қониқарсиз баҳоланганида.
Курсда қолдирилган талаба тўлов-контракт асосида ўқишини ўзлаштирмаган тегишли ўқув семестри бошидан бошлайди.
Талабага ўқув юкламаси ҳажмини аниқлашнинг шартли бирликлар (кредитлар)ни ўтказиш ва жамлаш тизими жорий этилган олий таълим ташкилотларида академик қарздорлиги туфайли курсда қолдирилган талабалар тегишли ўқув семестридан бошлаб фақат ўзлаштира олмаган фанларини такроран ўқийди.
Курсда қолдирилган талаба ўқишини давом эттириш учун талабалар таълим ўқишини қайта тиклаш учун белгиланган муддатларда олий таълим ташкилотига ариза билан мурожаат қилади.
Курсда қолдирилган талабага қуйидаги ҳолатлар сабаб талабалар сафидан четлатилиши мумкин:
– ўз хоҳишига кўра;
– ўқишнинг бошқа таълим ташкилотига кўчирилиши муносабати билан;
– олий таълим ташкилотларининг ички тартиб-қоидалари ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларини бузгани учун;
– бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдиргани учун (саломатлиги сабабли белгиланган шаклдаги тиббий маълумотнома тақдим этилган ҳолат бундан мустасно);
– ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги учун (тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётганлар учун тааллуқли);
– талаба суд томонидан озодликдан маҳрум этилганда;
– суд қарорига кўра кириш имтиҳонларида белгиланган тартибни бузганлиги аниқланганда (ушбу ҳолатда талабалар сафидан четлаштирилганлар талабалар сафига қайта тикланмайди);
– талаба абитуриент сифатида олий таълим ташкилоти қабул комиссиясига тақдим этган (топширган) ҳужжатларининг қалбакилиги ёки белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланса;
– вафот этганлиги сабабли.
Эслатма! Ўқишни қайта тиклаш жараёнида ўқув режасидаги фанлари бўйича фарқлар аниқланганда, талаба академик қарздор сифатида ўқишга қабул қилинади.
Фанлардан академик қарздор талабалар муайян семестр давомида тегишли фанлардан ўзлаштирилмаган кредитлар миқдорига мос равишда базавий тўлов-контракт миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўловни амалга оширгандан сўнг ўзлаштирмаган фанларини ўз ҳисобидан қайта ўқийди.
