Бугун Наманган шаҳрида “Камбағалликдан фаровонлик сари” III халқаро форуми иш бошлади. Очилиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, сифатли таълим инсон капиталини ривожлантириш ва узоқ муддатли истиқболда камбағалликни қисқартиришнинг асосий драйвери ҳисобланади.
Сўнгги йилларда болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиниши 27 фоиздан 78 фоизга ошди. Бу 1 миллионга яқин аёлларга таълим олиш, касб-ҳунар ўрганиш ва даромад топиш имконини яратди.
Камбағал оила фарзандларини мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олиш учун шарт-шароитлар яратилади. Улар учун хорижий тил ва касб-ҳунар ўрганиш харажатларининг 80 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилади. Бу орқали 100 мингдан зиёд камбағал оила фарзандлари қамраб олиниши режалаштирилган.
Ҳар бир камбағал оилада камида битта олий маълумотли мутахассис бўлиши учун имтиёзли таълим кредитлари ва давлат грантлари кўпайтирилади.
Шунингдек, халқаро стандартлар асосида касбга тайёрлаш марказлари ташкил этилиб, уларнинг битирувчиларига хорижда тан олинадиган сертификатлар берилади.
