Баъзан ўқитувчилар ва ота-оналарга бир-бири билан самарали мулоқот қилиш осон бўлмайди. Ўқув жараёнида биргаликда муҳокамани талаб қиладиган муаммо пайдо бўлганда эса, самарали мулоқот ўрнига томонлар кўпинча айбдорни қидиради ёки масъулиятни бир-бирига юклайди. Натижада муносабатлар янада бузилади, муаммо эса ҳал этилмайди.
Амалиётчи психолог ва педагог, «Ярко» психология ва педагогика маркази асосчиси, психология бўйича китоблар ва «Жись» подкастининг муаллифи Ярослава Риндина «Августовка Учи.ру — 2025» онлайн-конференциясида бундай мулоқотдаги қийинчиликлар қайси психологик механизмлар туфайли юзага келишини тушунтириб берган.
Қуйида унинг ота-оналар билан мулоқотни йўлга қўйиш ва энг мураккаб вазиятларда ҳам ўзаро тушунишга эришиш бўйича тавсияларини келтирамиз.
Онг ости қарашлар ва реакциялар коммуникацияга қандай таъсир қилади?
Таҳлил назариясига кўра, ҳар бир мулоқот иштирокчиси, ўз истак ва ниятларидан қатъи назар, суҳбатга ўзининг онгсиз равишда шаклланган ҳаётий сценарийсини олиб киради. Бу атама психолог Эрик Берн томонидан киритилган бўлиб, болаликда шаклланган ва инсоннинг мақсадлари, атрофдагиларга ҳамда дунёга бўлган муносабати, хатти-ҳаракатларига таъсир этувчи установкаларни ифодалайди. Кўпинча, бирор муаммони ҳал қилиш ёки аниқ мақсадга эришиш зарур бўлган пайтда одамлар онгли равишда эмас, балки шу сценарийларини «ўйнаш» билан шуғулланадилар.
Ярослава Рйндинанинг таъкидлашича, самарали мулоқот қуриш учун одам аввало ўзининг эго-ҳолатини англаб, уни бошқаришни ўрганиши керак. Трансакцион таҳлилда эго-ҳолат деб инсоннинг муайян вазиятда эгаллаган позициясига айтилади. Ҳар бир эго-ҳолатга ўзига хос фикрлаш шакллари, эмоционал реакциялар ва ҳислар хос. Трансакцион таҳлилда учта эго-ҳолат ажратиб кўрсатилади:
Бола ҳолати — инсон болаларга хос бўлган хатти-ҳаракатларни такрорлайди: масалан, ёқимли бўлишга интилади ёки инжиқлик қилади, бошқалардан ҳимоя ва муаммосини ҳал қилишни кутади. Шу билан бирга, Бола ҳолати самимийлик, спонтаниклик, қизиқувчанлик ва ижодий ифодаланиш имконини беради.
Ота-она ҳолати — бошқа одамга ғамхўрлик қилиш ёки танқид қилиш орқали намоён бўлади. Бу ҳолатда инсон бошқаларни назорат қилишга интилади, қоидалар ва нормаларни ўргатади, ўқитади ёки ҳимоя қилади, ёрдам беради ва қўллаб-қувватлайди.
Вазминлик — воқеаларни объектив баҳолаш, мантиқий фикрлаш, режа тузиш ва унга риоя қилиш билан характерланади.

Турли вазиятларда ҳар бир эго-ҳолатнинг ижобий томонлари бор. Аммо ўқитувчига ота-она билан педагогик масалани муҳокама қилиш керак бўлганда, ҳар иккала томоннинг ҳам вазмин ҳолатда бўлиши жуда муҳим. Амалда эса кўпинча бундай бўлмайди.
Масалан, ота-она ўқитувчига танқид қилувчи Ота-она позициясидан мурожаат қилади ва ўқитувчини қандай қилиб ўқитиш ва тарбиялаш кераклигини яхшироқ билишини кўрсатади. Ўқитувчи эса бу вақтда беихтиёр Бола ҳолатига ўтиб кетади — ўзини оқлашга, ҳимояланишга уринади. Бундай мулоқот эса, табиийки, мазмунли ва самарали бўлмайди.
Ўқитувчи учун масъулият доираларини ажратиш
Мулоқот самарали бўлиши учун ўқитувчи ўз эго-ҳолатини бошқара олиши ва вазмин позициядан баҳолаши лозим:
«Бу диалогнинг мақсади нима? Биз қилаётган ҳаракатлар бу мақсадга яқинлаштиряптими ёки узоқлаштиряптими?» Шу қобилиятни ўзлаштириш орқали сиз нафақат ўзингизни, балки суҳбатдошни ҳам Катта одам ролига йўналтира оласиз.
Психолог Ярослава Риндинанинг таъкидлашича, бундай мулоқотнинг асоси — масъулиятни тўғри тақсимлаш.
Кўпинча, айниқса ҳиссиётлар аралашганда, масъулият доирасида чалкашлик юзага келади. Натижада ўқитувчи ота-она билан суҳбатда ўзи масъул бўлмаган нарсалар учун, масалан, боланинг уй вазифасини бажармаганлиги учун ўзини оқлашга мажбур бўлиб қолади.
Вазмин эго-ҳолатига қайтиш — бу ўз масъулият доирангизни аниқ билиш ва унга кирмайдиган нарсани ўз зиммангизга олмаслик демакдир.
Масъулият тақсимоти қуйидагича:
Ўқитувчи жавобгар:
– таълим жараёнини ташкил этиш учун;
– материални етказиш, синф имкониятига мослаштириш;
– хавфсиз ва ҳурматга асосланган муҳитни яратиш;
– профессионал этикага риоя қилиш;
– ота-оналарга фикр-мулоҳазаларни етказиш (лекин уларнинг қабул қилиш усули учун эмас);
– ўзаро мулоқот чегараларини белгилаш ва сақлаш учун.
Ўқувчи жавобгар:
– шахсий мотивация ва ўқув жараёнида иштирок этиш учун (ўз етуклиги даражасида);
– мактаб қоидаларига риоя қилиш учун;
– фаол ўқув ҳаракатлари учун (агар тушунмаса савол бериш, топшириқларни бажариш ва ҳ.к.).
Ота-оналар жавобгар:
– боланинг эмоционал қўллаб-қувватланиши учун;
– ўзини бошқаришнинг асосий кўникмаларини шакллантириш учун;
– бола учун уйқу ва овқатланиш тартибини таъминлаш учун;
– педагог билан алоқа ўрнатиш учун;
– танлаган таълим тизимига ҳурмат билан муносабатда бўлиш учун.
Самарали мулоқот учун тавсиялар
Ярослава Рйндина ўқитувчиларга ота-оналар билан чегараланган ва самарали мулоқотни йўлга қўйишда қуйидаги усулларни тавсия қилади:
1. Ўз ролингизни ва мулоқот шаклини тушунтиринг. Ота-оналардан мактаб билан қандай муносабатда бўлишни ўзлари билиб олишларини кутманг. Сиз уларнинг қайси масалаларда мурожаат қилиши мумкинлигини, нималар сизнинг масъулиятингизга киришини, нималар кирмаслигини аниқ айтиб беришингиз керак. Буни сокин, ишончли оҳангда, фактларга таянган ҳолда етказиш муҳим.
2. «Биз муаммонинг қаршисида биргамиз» принципидан фойдаланинг. Ота-оналар кўпинча иш кунидан чарчаб келади ва энг кичик сабаб билан ҳам жаҳли чиқиши мумкин. Бундай пайтда мудофаага ўтиш ёки ҳужум қилиш эмас, балки суҳбатдош билан бир томонда туриш муҳим. Масалан: «Мен сизнинг чарчаганингизни тушунаман. Ўзим ҳам бутун кун ишладим. Энди эса биргаликда Петя мактаб қоидаларига риоя қилиши учун қандай ёрдам бера олишимизни ўйлаб кўрайлик». Шунда ота-онага сиз унинг шериги эканингиз сезилади.
3. Масъулият чегараларини таъкидланг. Агар ота-она сизга тегишли бўлмаган вазифаларни юклашга уринаётган бўлса, буни тўхтатиш лозим. Масалан, ота-она айтади: «Сиз фарзандимни мажбурлаб ўқитишингиз керак».
Сиз бунга шундай жавоб беришингиз мумкин: «Мен сизнинг хавотирингизни тушунаман. Мен синфда ўқув мотивациясини шакллантириш учун шароит яратаман ва уни қўллаб-қувватлайман. Аммо уйда Петянинг хулқига таъсир қила олмайман. Сиз эса ота-она сифатида мана шундай чоралар кўришингиз мумкин».

Ота-оналар билан мулоқотни янада яхшилаш учун бошқа тавсиялар
Ота-оналарни ҳамкорликка ўргатиш. Ота-оналарга мактаб билан қандай мулоқот қилишни тушунтириш керак, чунки улар кўпинча бунга тайёр бўлмайди. Сизнинг профессионал позициянгизни мустаҳкамлаш учун ишончли, аниқ ва мунтазам алоқа зарур.
Мутахассис сифатидаги мавқени мустаҳкамлаш. Сизнинг профессионал тажрибангиз асосида тавсиялар бериш, ота-оналарга танлов эркинлигини қолдириш, аммо қарор натижасининг улар зиммасида эканини кўрсатиш муҳим.
Очиқлик ва мунтазам ахборот. Агар ота-оналар ўзларига керакли маълумотни олмай қолса, улар хавотирланиб, салбий сценарийларни ўйлаб топиши мумкин. Шунинг учун тезкор ва тушунарли алоқа жуда муҳим.
Муваффақиятли тажрибаларни улашиш. Бошқа оилалар билан ишлаш тажрибаси ва ижобий натижалар ота-оналарга ишонч бағишлайди.
Проекциялар билан ишлаш. Ота-оналар кўпинча ўқитувчини ʼъайбдорʼʼ, ʼъқутқарувчиʼʼ ёки ʼъҳакамʼʼ ролига қўйиши мумкин. Бундай ҳолатда асосий вазифа — суҳбатни реал вазиятга қайтариш ва муаммони биргаликда ҳал қилишга йўналтириш.
Қаршиликни қабул қилиш. Ота-оналарнинг норозилиги сизнинг профессионаллигингизга шубҳа туғдирмайди. Бу кўпинча уларнинг хавотири, айбдорлик ҳисси ёки чарчоқлари натижасидир. Буни шахсий ҳақорат сифатида қабул қилмаслик, балки мулоқотни яхшилаш имконияти сифатида кўрган афзал.
Ярослава Рйндина таъкидлашича, қийинчилик ва қаршиликлар — бу ўсиш имконияти. Уларни тўсқинлик эмас, балки конструктив мулоқотни йўлга қўйиш имконияти сифатида кўриш керак. Ва, албатта, зарурат туғилганда, ҳамкасблардан ёки психологдан ёрдам сўрашдан чўчимаслик лозим.
