Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги ПФ-134-сонли фармонига асосан, таълим соҳасида инглиз тили ўқитувчилари учун миллий ва халқаро сертификатлар асосида устама тизими жорий этилган.
Фармоннинг 9-бандига кўра, агар ўқитувчи халқаро сертификатга эга бўлса, унга 50 фоиз миқдорида устама тўланади. Халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган миллий баҳолаш тизими имтиҳонларидан олинган ёки Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан берилган сертификатларга эга бўлса, 2025 йилдан бошлаб 20 фоиз миқдорида устама берилиши белгиланган. Бу устама, ўқитувчиларнинг малакасини доимий равишда оширишга, уларни юқори сифатли таълим беришга рағбатлантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, агар ўқитувчида иккита сертификат (масалан, халқаро ва миллий) бўлса, устама фақат битта сертификатга асосланган ҳолда тўланади. Яъни, агар педагог инглиз, немис, француз ёки бошқа хорижий тил ўқитувчиси бўлиб, иккита сертификатга эга бўлса, ҳар ойлик қўшимча устама юқорироқ устама олиш ҳуқуқини берувчи сертификат бўйича тўланади.
Устама сертификат берилган санадан бошлаб, 3 йилдан узоқ бўлмаган муддат давомида берилади. 3 йил ўтгач, устама тўланиши давом этмайди, шунингдек, ўқитувчилар янги сертификат олишлари ёки малакаларини янгилашлари керак бўлади.
