Касб ва хорижий тилларга ўқитиш учун ваучер бериш тартиби белгиланди

Касб ва хорижий тилларга ўқитиш учун ваучер бериш тартиби белгиланди

2025 йил 20 август куни Вазирлар Маҳкамасининг 527-сон қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжат фуқароларнинг касб ва хорижий тилларни ўрганишини қўллаб-қувватлаш, ишсизлар ҳамда камбағал оилалар вакилларини бандликка жалб қилиш мақсадида ишлаб чиқилган. Қарорга мувофиқ, эндиликда аҳолига ваучер асосида бепул таълим олиш имконияти яратилади.

 

 

Ваучер нима ва уни кимлар олиши мумкин?

 

 

Ваучер – бу давлат томонидан тақдим этиладиган махсус ҳужжат бўлиб, у ўқув харажатларини қоплашга хизмат қилади. Ваучер электрон шаклда расмийлаштирилади ва ҚР-код билан тасдиқланади. Қарорга мувофиқ, ваучер қуйидаги тоифадаги фуқароларга берилади:

–  «Камбағал оилалар реэстри»га киритилган шахслар;

 

–  ишсизлар;

 

– расмий даромад манбаига эга бўлмаган иш қидирувчилар.

 

Ушбу тоифадаги фуқаролар ваучер орқали касбий кўникмалар марказларида, хорижий тиллар курсларида ва замонавий касбларга ихтисослашган таълим муассасаларида бепул таълим олишлари мумкин.

 

 

Ваучердан фойдаланиш тартиби қандай?

 

 

Талабгор ваучер олиш учун тумандаги бандлик бўлимига, маҳалла ҳоким ёрдамчисига ёки эcосйс.меҳнат.уз платформаси орқали мурожаат қилади. Ариза кўриб чиқилгач, ваучер электрон шаклда берилади. Муҳим жиҳат шундаки, ваучер уч ой давомида амал қилади. Агар шу муддат ичида таълим бошланмаса, у ўз кучини йўқотади. Шунингдек, таълим олиш фақат электрон реэстрга киритилган таълим муассасаларида амалга оширилади, бу эса жараённинг шаффоф ва тартибли бўлишини таъминлайди.

 

 

Таълим харажатлари қандай қопланади?

 

 

Давлат таълим харажатларини икки босқичда қоплайди. Биринчи 50 фоиз маблағ ўқиш бошланишидан олдин ажратилади, қолган 50 фоиз эса якуний имтиҳон муваффақиятли топширилгандан сўнг тўланади. Агар талаба имтиҳондан ўта олмаса ёки давомат талаб даражасида бўлмаса, давлат таълим харажатларини қопламайди. Бу қоида ўқувчиларни ҳам, таълим муассасаларини ҳам масъулиятли бўлишга ундайди. Бундан ташқари, масофавий (онлайн) ўқитишда харажатларнинг фақат 50 фоизи қоплаб берилади.

 

Ваучердан неча марта фойдаланиш мумкин?

 

 

Ҳар бир фуқаро фақат бир марта ваучер олиш ҳуқуқига эга. Бу қоида имкониятларнинг адолатли тақсимланишини таъминлаш ва давлат маблағининг самарасиз сарфланишини олдини олиш учун белгиланган. Демак, ваучер қўлга киритилгач, ундан оқилона ва масъулият билан фойдаланиш жуда муҳим.

 

 

Қайси курсларни ваучер орқали ўқиш мумкин?

 

 

Ваучер фақат қисқа муддатли, амалий кўникма берадиган йўналишларга тааллуқлидир. Қарорда аввало хорижий тиллар — инглиз, рус, корейс ва бошқа талаб юқори бўлган тилларни ўрганиш имконияти белгиланган. Шунингдек, касбий кўникмалар марказлари орқали турли ҳунар ва касблар ўргатилади. Буларга ахборот технологиялари йўналишлари, жумладан дастурлаш ва компьютер саводхонлиги, техник соҳалар — пайвандчилик, электрмонтёрлик, автомеханиклик, қурилиш ишларига оид курслар киради. Бундан ташқари, ошпазлик, тикувчилик, сартарошлик, гўзаллик хизмати каби хизмат кўрсатиш ҳамда ҳунармандчилик йўналишлари ҳам мавжуд. Ушбу курсларнинг барчаси меҳнат бозорида энг кўп талаб қилинаётган касбларни эгаллашга қаратилган.

 

 

Ҳамкор таълим муассасалари учун қандай имкониятлар яратилади?

 

 

Қарор нафақат фуқароларга, балки таълим муассасаларига ҳам катта имкониятлар яратади. Эндиликда улар электрон реэстр орқали давлат билан ҳамкорлик қилади. Бу тартиб нафақат шаффофликни таъминлайди, балки курсларнинг сифатини ошириш, янги йўналишлар очиш ва талабни қондириш имконини ҳам беради. Бундан ташқари, касбий кўникмалар марказлари босқичма-босқич ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилади.

 

 

Ушбу қарордан кўплаб ижобий натижалар кутилмоқда. Аввало, ишсизлик даражаси камаяди, чунки кўплаб фуқаролар янги касб эгаллаб, меҳнат бозорига кириб келади. Иккинчидан, камбағалликни қисқартириш сиёсати янги босқичга чиқади, чунки ҳунарли ва билимли одам доим даромад топиш имкониятига эга бўлади. Учинчидан, хорижий тилларни ва замонавий касбларни эгаллаган фуқаролар халқаро меҳнат бозорида ҳам рақобатбардош бўладилар. Таълим муассасалари эса ўз фаолиятини замонавийлаштиради ва сифатни оширишга интилади.