АҚШнинг Вашингтон штати полицияси мактабда отишма уюштирмоқчи бўлганликда гумон қилиб, 13 ёшли ўсмирни қўлга олди. Унинг уйидан 23 дона ўқотар қурол ва катта миқдорда ўқ-дорилар топилди. Бу ҳақда The Washington Post хабар берган.
Терговчиларнинг таъкидлашича, бола мактаб отишмаларига жуда қизиққан ва ижтимоий тармоқларда таҳдидли постлар жойлаштирган. Ҳозирда ўсмирга 5 та модда бўйича айблов қўйилган, шулардан 4 таси оғир жиноят сифатида белгиланган. Бола айбларни инкор этмоқда. Хавфсизлик мақсадларида унинг исми ошкор қилинмаган, суд ҳужжатлари махфий сақланмоқда.
Шериф ёрдамчиси Карли Каппетто берган баёнотга кўра, болакайнинг ётоқхонасида мактаб отишмачилари ҳақидаги суратлар, ёзувлар ва шунга доир имитациялар аниқланган. Деворларга қуроллар осилган, кичикроқ қуроллар эса уйнинг турли бурчакларида очиқ ҳолда топилган.
«Хонадаги барча далиллар унинг отишма содир этишга тайёрлигини кўрсатди. Қачон ёки кимга қарши ҳужум бўлиши номаълум, бу фақат вақт масаласи»,- деди Каппетто.
Полиция ўқувчининг уйидан отишмачилар ва ўқ-дориларга алоқадор журналларини ҳам топган. Боланинг ота-онаси эса унинг ҳеч кимга зарар етказиш ниятида эмаслигини даъво қилмоқда. Хусусан, ўсмирнинг онаси суд мажлисида қатнашган ва журналистларга берган интервьюсида ўғлининг интернетдаги постлари «шунчаки дўстлар олдида зўр кўриниш» учун қўйилганини айтган.
Маълум қилинишича, ўсмир 2021 йилда Франклин Пирс мактабида ўқир эди, ҳозирда эса ҳеч қаерда ўқимаяпти. Иш юзасидан тергов иши давом этмоқда. Полиция жамоатчиликни огоҳ бўлишга чақирмоқда.
