Полшанинг пойтахти Варшавада йўловчиларни смартфондан чалғитиш ва китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида метро бекатида замонавий кутубхона ташкил этилди. «Метротека» деб номланган ушбу ҳудуд Таргувек туманидаги М2 йўналишининг «Kondratowicza» бекатида ўз фаолиятини бошлади.
150 квадрат метр майдонда жойлашган экспресс кутубхонада катталар ва болалар учун алоҳида мутолаа зоналари, оммавий ўқиш ва маданий тадбирлар учун махсус жойлар ажратилган. Китобхонлар 16 мингга яқин асар ичидан танлов қилиши мумкин.
Китоб олиш тартиби ҳам замонавий – ташриф буюрувчилар махсус чип ёрдамида китобни «экспресс» кассадан тезкор тарзда олишлари ва уни 24 соат фаолият юритадиган қайтариш қутиси орқали топширишлари мумкин.
«Метротека» ташрифчиларга умумий майдонда ўқиш ёки ишлаш, интернет учун ноутбук ижарага олиш, шунингдек бепул қаҳва ва иссиқ шоколаддан баҳраманд бўлиш имконини яратади. Ҳудуднинг ўзига хослиги шундаки, мажмуа таркибида турли хонаки гуллар ўстирилган кичик боғ ҳам барпо этилган.
Кутубхона очилган куннинг ўзида 400 дан ортиқ китоб тарқатилди. Уларнинг орасида ўқув адабиётлари, саёҳат қўлланмалари ва бошқа турдаги китоблар бор.
Полша Миллий кутубхонаси ўтказган сўров натижаларига кўра, сўнгги бир йилда респондентларнинг атиги 41 фоизи камида битта китоб ўқиган. Бу кўрсаткич 1990 йиллар охири ва 2000 йиллар бошидагидан қарийб икки баравар паст. Мутахассислар фикрича, бунинг сабаби одамларнинг кўпроқ телевизор ва телефонга боғланиб қолишидадир.
