2025 йил 8-сентябр куни она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларининг Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қарши берган даъвоси якунланди: суд даъвони асоссиз деб топиб, вазирлик фойдасига қарор қабул қилди. Суд жараёни 2025 йил 12 августда бошланган ва жами тўрт мажлисда кўриб чиқилди.
Суд жараёнида даъвогарлардан Аброр Камолов ҳамда унинг ҳимоячиси адвокат Назиржон Хатамжонов иштирок этди; суд мажлисини Судья Гули Юсуповна Шукурлаева бошқарган.
Вазирлик номидан Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази ходими ҳамда вазирлик юристи, шунингдек, аттестация жараёнини ташкил этган масъуллар судда далиллари билан қатнашишган. Бу ҳақда Халқталиминфо.уз нашри хабар берди.
Даъвогарларнинг асосий иддаоси шундан иборат эдики, вазирлик аттестация тест саволларини Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сонли қарори билан тасдиқланган низомнинг 43-бандига мувофиқ шакллантирмаган, яъни тест материаллари халқаро тестология талаблари бўйича валид (амал қилишга яроқли) эмас.
Улар тест саволлари экспертизадан ўтказилгач апробация синовлари, статистик таҳлил (жумладан Расч модели) ва қайта апробациядан ўтказилиши кераклигини таъкидлаб, шу асосда аттестацияни қайта ўтказишни ҳамда маънавий зарар ва вакил харажатларини ундиришни сўраган.
Вазирлик эса ўз навбатида тестларни халқаро талабларга мос ҳолда ишлаб чиқилгани, тизимнинг халқаро миқёсда тан олинган ташкилот томонидан текширилиб, аккредитациядан ўтганини таъкидлаган.
Шунингдек, вазирлик тест топшириқлари апробациядан ўтказилгани, педагоглар учун диагностик тест синовлари таҳлил қилинганлиги ва Илмий-методик кенгаш баённомасида хатолик йўқлиги ҳақидаги далилларни судга тақдим этган.
Суд муҳокамаси давомида даъвогарнинг мустақил экспертлик тайинланиши ҳақидаги илтимоси рад этилган— суд аввалги мажлисларда тақдим этилган мустақил эксперт хулосалари қабул қилинганини ҳисобга олган.
Якуний қарорда суд даъвони рад этган ва даъвогарнинг аттестация натижаларини қайта ўтказиш бўйича талабини қаноатлантирмаган, шунингдек, томонларга апелляция тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи эслатилган.
Ушбу суд ишининг сабаби — жорий йил 15 апрелдан 14 майгача ўтказилган аттестация тестларидир. Таълим тизимига кўра, аттестацияга тахминан 190 минг педагог ариза топширган, уларнинг 177 640 нафари (тахминан 95 фоизи) синовларда иштирок этган.
Натижаларга кўра, 10 504 нафар педагог олий тоифа, 23 200 нафар биринчи тоифа ва 27 805 нафар иккинчи тоифа учун етарли балл тўплаган. 6 603 нафар педагог эса мутахассис лавозимини сақлаб қолди.
Умуман олганда, 73 мингдан ортиқ педагог ижобий натижа қайд этди, аммо тахминан 104 минг педагог (58,9%) аттестациядан ўтолмади. Ижтимоий тармоқларда ва педагоглар орасида тестларнинг мураккаблиги, валидликка жавоб бермаслиги ва айрим ҳолатларда мавзуга мос эмаслиги ҳақидаги шикоятлар кенг тарқалган, шунингдек, таҳририятимизга ҳам бир қанча педагоглар томонидан мурожаатлар келиб тушгани ҳақида хабар берган эдик.
Эслатма! Тез орада тарих ўқитувчиларнинг ҳам даъво аризаси судда кўриб чиқилиши кутилмоқда.
