Ўзбекистонда уч йўналиш – боғча, мактаб ва олийгоҳни қамраб олувчи ягона ғоявий тарбия концепцияси амалиётга жорий этилмоқда. Мазкур тизим орқали тарбиячилар, ўқувчилар ва талабалар учун изчил ва узвий ғоявий-тарбиявий жараён шакллантирилади.
Бу борада ишлаб чиқилган методик материаллар мунтазам равишда «milliytarbiya.uz» электрон платформасига жойлаштирилиб, рақамли контент сифатида тақдим этилади.
Шунингдек, «Баркамол авлод» болалар мактаби, Республика ўқувчи ёшлар маркази ва «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти негизида янги «Келажак» марказлари ташкил этилади.
Уларнинг фаолиятида Президент ва Ижод мактабларига тайёрлов дастурлари, STEM, илм-фан, хорижий тиллар ва шахмат тўгараклари йўлга қўйилади.
Қолаверса, Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида «Келажак» марказлари ҳузурида замонавий «Болалар сайёҳлик базалари» барпо этилиши белгиланган.
Мазкур ташаббуслар ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини замон талаблари даражасида ривожлантиришга хизмат қилади.
