Аттестация иши бўйича учинчи суд мажлиси бўлди: суд қарори яна бошқа кунга қолдирилди

Аттестация иши бўйича учинчи суд мажлиси бўлди: суд қарори яна бошқа кунга қолдирилди

Она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларининг Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига аттестация имтиҳонларини қайта ўтказиш мажбуриятини юклаш, маънавий зиён ва вакил харажатларини ундириш юзасидан судга киритган даъво аризаси бўйича суд иши давом этмоқда.

 

Кеча, 4 сентябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманлараро судида учинчи суд мажлиси бўлиб ўтган. Бу ҳақда Халқталиминфо.уз хабар берди.

 

Судья Шукурулаева Гули Юсуповна раислигида кўриб чиқилган учинчи суд мажлисида вазирликдан вакил сифатида Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази ходими, вазирлик юристи ҳамда бевосита аттестация жараёнларини ташкил этишга масъул бўлган ходимлар қатнашган. Шунингдек, мустақил эксперт сифатида Комил Жалилов, Шокир Турсун, блогер, жамоатчилик фаоли Исроил Тиллабоев, жумладан халқталиминфо.уз нашридан вакил сифатида Улуғбек Пўлатов тингловчи сифатида иштирок этган.

 

Судда ўқитувчилар ҳуқуқини ҳимоя қилаётган адвокат Муҳаммадамин Каримжонов суд мажлиси бошида тестология бўйича мутахассис сифатида Комил Жалилов ва филолог Шокир Турсунини эксперт сифатида судда иштирок этиши илтимосномасини киритди, аммо вазирлик томон суддан бу илтимосномани рад қилинишини сўради, судья вазирлик томонининг рад этиш талабини қаноатлантирган.

 

Дастлаб, суд мажлисида жавобгар – Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томони эшитилган.

 

Вазирлик вакили ўтган суд мажлисида даъво аризасида келтириб ўтилган, яъни имтиҳон давомида компьютер қурилмаларида техник носозликлар кузатилгани боис, қурилмалар қайта фаолиятга тушганидан сўнг аввал белгиланган жавоблар ўрнини ўзгартириб қўйиш ҳолатлари бўйича эътирозларни рад этган, уни асослаш мақсадида даъвогар ўқитувчиларнинг имтиҳон вақтида кечган жараёнлар акс этган видеоёзувларини судга тақдим этган.

 

Мазкур видеоёзувлардан маълум бўлишича, даъвогар педагогларнинг ҳеч бири тест синовлари вақтида компьютер қурилмаларида техник носозликлар кузатилгани ҳамда уларга тинчлик таъминланмаганлиги ҳақида назоратчиларга ҳеч қандай эътироз билдирмаган, шунингдек тестларни ишлашдаги вақт масаласида ҳам муаммолар кузатилмаган.

 

Шунингдек, судда УЗИНФОCОМ томонидан 2025 йил 22-24 апрель кунлари «Тоифа синовларини ўтказиш» ахборот тизимида даъвогар ўқитувчилар малака (тест) синовларини топширган вақтида дастурий таъминотда ҳеч қандай техник ишлар олиб борилмаганлиги, тизимда техник узилишлар кузатилмаганлиги бўйича хулосалар ҳам тақдим этилган.

 

УЗИНФОCОМ томонидан билдирилган хулосадан келиб чиқилса, «Тоифа синовларини ўтказиш» ахборот тизими ташқаридан кириш ҳамда ҳар хил таъсир этувчи омиллардан тўлиқ ҳимояланган. Тизимдан интернет тармоғисиз фақат ички тармоқда фойдаланиш мумкин.

 

Шунингдек, педагоглар шикоятига апелляция комиссияси томонидан жавоб берилгани айтилиб, бу масалада даъвогар педагогларга телефон орқали ҳам тўлиқ тушунтиришлар берилгани алоҳида таъкидланган.

 

Суд мажлиси давомида тест саволларининг яроқли эканлигини асословчи далиллар сифатида Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази Илмий кенгаши хулосалари, тақриз ҳамда тегишли буйруқлардан кўчирмалар ҳам судга тақдим қилинган.

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги аттестация синовлари холис ва адолатли ўтказилгани, ташкилий масалаларда ҳам муаммолар кузатилмагани, ошкоралик, кенгашиб иш кўриш, холислик талаблари мутлақо бузилмаганлиги ҳамда тест саволларида ҳам муаммолар йўқлигини таъкидлаб, даъво шикоятини рад этишини сўраган.

 

Даъвогар томоннинг эътирозлари нималардан иборат?

 

Адвокат Муҳаммадамин Каримжонов мустақил эксперт тайинлаш бўйича судга қайта илтимоснома киритди ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги фақатгина ўқитувчи томонидан хато ишланган 12 та тест саволликларини эмас, балки барча 50 та тестини судга тақдим қилишини сўраган.

 

Адвокат барча тест саволликлари тақдим этилмаган тақдирда, тест саволликларининг валидлиги бўйича умумий хулосалар чиқариш имконсиз эканлигини алоҳида таъкидлаган.

Педагог кадрлар аттестацияси учун тест топшириқларини тузишга масъул ташкилот томонидан синов материалларининг валидлиги ва ишончлигига оид, шунингдек, аттестацияда иштирок этган педагогларга тақдим этилган тест топшириқлари фан бўлимлари (субдоменлар) ва когнитив даражалар (билиш, қўллаш, мулоҳаза) бўйича тақсимотининг спецификацияга мос эмаслиги алоҳида таъкидланиб, бунга асос сифатида мустақил экспертлар – Комил Жалилов ва Шокир Турсуннинг хулосаларини судга тақдим қилиниб, буни даъвогар томонининг умумий эътирозлари сифатида қабул қилишни суддан сўраган.

 

Суд давомида даъвогар ўқитувчи Камолов Аброр Абдихалим ўғлига аттестация тест синовида тушган ва хато деб топилган 12 та тест саволларининг айримлари таҳлил қилиниб, уларнинг ичида бир нечта тест саволларида аслида хато бўлган вариантлар «Тоифа синовларини ўтказиш» ахборот тизимида тўғри жавоб сифатида кўрсатилгани қайд этилган.

 

Жумладан, Аброр Камоловга тушган 32-тест қуйидагича келтирилган:

 

Қуйидаги парчада қатнашган ёрдамчи сўз туркумига оид бирликлар ҳақида қайси фикр тўғри?

 

Наҳот жаннатнинг ҳам ўз ўти бордир

Не бу юрагимда адашган жавзо

Нега бунча оғир, оҳ, бунча оғир

Гуноҳсизлик учун берилган жазо.

 

А) Ёрдам сўз туркумларининг барча тури қатнашган

Б) Битта кўмакчи, иккита боғловчи қатнашган

C) Иккита юклама, битта кўмакчи қатнашган

Д) Учта юклама, битта кўмакчи қатнашган

 

Адвокат Муҳаммадамин Каримжоновнинг таъкидлашича, марказ томонидан белгиланган тўғри жавоб Д, асли тўғри жавоб эса C. Парчада иккита юклама – наҳот ва ҳам; битта кўмакчи – учун қатнашган. Таҳлилда айтилган -дир бу парчада юклама эмас, боғлама сифатида келган. -дир қўшимчаси гумон юкламаси сифатида келиши учун «балки», «эҳтимол» сўзлари билан алмаша олиши керак. Парчада эса бундай қилиб бўлмайди.

 

Ушбу саволни вазирлик эксперти, Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази ходими хато эмаслигини асослаб бериш мақсадида таҳлил қилди ва тест мутлақо тўғри тузилганлигини таъкидлади. Аммо, даъвогар томон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судда қатнашаётган шахслар суд томонидан эксперт сифатида иштирок этиши рад этилгани боис, Комил Жалилов ва Шокир Турсунга сўз берилмади.

 

Суд қарори

 

Суд унга тақдим этилган барча материалларни мустақил экспертларни жалб қилган ҳолда батафсил ўрганиб чиқилишини таъкидлади.

 

Адвокат Муҳаммадамин Каримжонов мустақил эксперт тайинлаш бўйича илтимосномаси қаноатлантиришини билдирди. Аммо, унинг Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан аттестацияда ўқитувчига берилган 50 та тест саволларини тақдим этиш тўғрисидаги илтимосномаси рад этилган.

 

Судья буни ўқитувчи қолган саволларга тўғри жавоб берганлигини, шу сабабли, бу саволларни таҳлил қилиш, валидлигини текширишга ҳеч қандай асос йўқлиги билан изоҳлаган. Шундан сўнг, навбатдаги суд мажлиси 8 сентябрга қолдирилганлигини маълум қилинди.