Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида мамлакатимизда ижтимоий давлат тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш ва аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева ўз чиқишида ёшларга, хусусан, олийгоҳ битирувчиларига муносиб иш ўринларини тақдим этиш давлатнинг энг устувор вазифаларидан бири эканини таъкидлади. Унга кўра, ёшлар бандлигини таъминлаш масаласи юзаки ёндашувдан ҳоли бўлиши шарт.
«Битирувчиларни фақат рақамлар учун ъишга жойлаштирилдиʼ деб кўрсатиш ёки сунъий равишда статистикани ошириш қатъиян ман этилади. Ҳар бир маълумот ҳақиқатга мос бўлиши, тегишли электрон базаларга киритилган маълумотлар мунтазам текшириб борилиши лозим», – деди Норбоева.
Аввалроқ давлат раҳбари бошчилигида ўтказилган йиғилишда олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш борасидаги муаммолар муҳокама қилинган эди. Унда 92 минг нафар ёш мутахассиснинг келажак фаолиятида кўмаклашиш бўйича қўшимча чоралар белгиланган.
Шунга мувофиқ, Сенат Кенгашининг 13 август куни бўлиб ўтган йиғилишида махсус қарор қабул қилинди. Қарорга асосан, Республика ишчи гуруҳи, шунингдек, сенаторлар ва маҳаллий кенгашлар раҳбарлари бошчилигида ҳудудий ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Бу гуруҳлар 37 олийгоҳнинг қарийб 49 минг битирувчисини иш билан таъминлаш учун ҳудудлар ва соҳалар кесимида аниқ механизмлар, муддатлар ва чора-тадбирларни белгилаб олган.
Сенат Раиси таълим, тиббиёт каби ижтимоий соҳаларда мутахассисларнинг ҳудуддан ҳудудга бориб ишлаши учун зарур шароитларни яратиш масаласи доимий эътиборда бўлишини қайд этди. Ҳудудий ишчи гуруҳлар битирувчиларнинг бандлигига оид юзага келадиган муаммоларни тезкор ҳал этиши шартлиги таъкидланди.
«Бу масала ҳар ҳафта амалий тарзда муҳокама қилиниб борилади. Вазифаларни бажаришда барча раҳбарлар – сенаторлардан тортиб ҳокимларгача, тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари юқори даражада жавобгарлик билан ёндашиши зарур», – деди Норбоева.
Ёшларни муносиб даромадли иш билан таъминлаш нафақат уларнинг шахсий келажаги, балки жамиятнинг барқарор тараққиёти учун ҳам беқиёс аҳамиятга эга. Шу боис Сенат Раиси барча давлат органлари, маҳаллий кенгашлар ва ҳудуд раҳбарларини бу борадаги топшириқларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажаришга чақирди.
