ЖАВОБ: иштирок эта олади.
Жорий йилда илк марта грантлар тақсимоти тизими бошлангани сабабли, амалиётда айрим тушунмовчиликлар ва иккиланишлар бўлиши табиий. Секин-асталик билан барча масалаларга ечим топилиб кетаверади.
Шундай иккиланишлардан бири — магистратурада қўшимча қабул (квота)га кирган ҳамда реал харажатни тўлаётган талабалар грант тақсимотида иштирок эта оладими ёки йўқми?
Айрим олийгоҳлар маъмурияти ушбу тоифадаги талабалар учун грант тақсимотида қатнашишга рухсат бермаган ва уларнинг аризасини кўрмасдан қолдиришмоқда. Аммо бу нотўғри.
Хушнудбекни ёзишича, ушбу масалани вазирлик масъуллари билан боғланиб, ойдинлик киритиб олган. Вазирнинг ҳам, вазир ўринбосарларининг ҳам, ва умуман шу масалага алоқадор барча масъулларнинг позицияси бир хил — қўшимча қабулга кирган магистрлар грант тақсимотида иштирок этади.
Чунки биронта норматив-ҳуқуқий ҳужжатда буни тақиқловчи қоида мавжуд эмас. Жумладан, грант тақсимоти тизимини тартибга солувчи асосий ҳужжат — Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 мартдаги 149-сон қарори билан тасдиқланган Низомда ҳам қўшимча қабулга кирган магистрлар ҳуқуқини чекловчи қоида белгиланмаган.
Айримлар «Биз молиявий мустақил олийгоҳмиз», қарорни ўзимиз қабул қиламиз» деган гапларни ҳам айтишаётган эмиш. Бекорларни айтибсиз. Грант тақсимоти Президент ҳамда Ҳукумат қарорлари билан жорий этилган тизим ва у барча давлат олийгоҳларига бирдек амал қилади. Шу сабабли, олийгоҳлар маъмуриятидан илтимос: қонунчиликда белгиланмаган чекловларни жорий қилиб, талабаларнинг ҳуқуқларини поймол қилманг.
Агар тақсимот қарорини чиқаришда қўшимча қабулга кирганларни ҳисобга олмаган бўлсангиз, унда қайтадан ҳисоблашингизга тўғри келади. Адолатни таъминлаш учун қарорни ўзгартирса арзийди.
