Мактаб ўқувчиларига дарс жараёнини тасвирга олиш тақиқланади

Мактаб ўқувчиларига дарс жараёнини тасвирга олиш тақиқланади

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган «Умумий ўрта таълим муассасасининг такомиллаштирилган намунавий одоб-ахлоқ қоидалари»га кўра, ўқувчиларга бир қатор янги чекловлар белгиланган.

 

Мазкур қоидаларга мувофиқ, таълим муассасаларида қуйидагилар тақиқланади:

 

Ностандарт кийиниш: ўқувчиларнинг таълим муассасаси уставига зид кийимларда келиши ман этилади. Масалан, ўғил болалар калта шим, футболка ёки шиппакда, қиз болалар эса калта, тор ёки танани очиқ кўрсатадиган юпқа (ҳарир) кийимларда келиши мумкин эмас. Шунингдек, турли тақинчоқларни тақиш ҳам чекланган.

 

Камситувчи хатти-ҳаракатлар: ўқувчилар бир-бирини ҳақорат қилиши, беҳаё сўзлар ишлатиши, дискриминация ёки ҳар қандай зўравонлик (руҳий, жисмоний ва бошқалар) кўрсатиши қатъиян ман этилади.

 

Ижтимоий тармоқларда ноўрин материаллар: қонун билан тақиқланган ёки миллий ва умуминсоний қадриятларга зид бўлган видеолар, шунингдек, мактаб, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг шаънига путур етказувчи материалларни ижтимоий тармоқларда жойлаштириш ёки ёвуз мақсадларда фойдаланиш мумкин эмас.

 

Мобил воситалардан ноўрин фойдаланиш: дарс жараёнида қулоқчин (наушник) орқали телефон ёки бошқа аудио қурилмалардан фойдаланиш, шунингдек, мобил телефон камераси орқали дарс жараёнини тасвирга олиш тақиқланади.

Компьютердан нотўғри фойдаланиш: мактаб компьютерларида болалар ёшига мос бўлмаган видеолар, диний экстремистик материаллар, беҳаё суратлар ёки зўравонлик ва порнография тарғиб қилувчи контентни сақлаш, тарқатиш қатъиян ман этилади.

 

Ноқонуний тадбирлар: таълим муассасаси ҳудудида туғилган кун ёки қонунчиликда кўзда тутилмаган турли байрамларни ўтказиш ҳам рухсат этилмайди.

Ушбу янги тартиб-қоидалар мактабларда интизомни мустаҳкамлаш, ўқувчиларнинг одоб-ахлоқий муҳитини яхшилаш ва таълим жараёнининг самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кўзда тутилган.