Бугун, 2-cентябр куни Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақида вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълум қилган.
Соат 09:30 ларда «Сергели» маҳалласидаги ички йўлда 2007 йилда туғилган йигит (ҳайдовчилик гувоҳномасига эга эмас) акасига тегишли Малибу автомобилини бошқариб, жойидан ҳаракатлана бошлаган пайтда 2008 йилда туғилган 11-синф ўқувчисини уриб юборган.
Маълум қилинишича, пиёда тан жароҳати олмаган. Ҳодиса юзасидан машина жарима майдонига жойлаштирилди ва Қуйи Чирчиқ тумани ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ Сурхондарё вилояти Денов шаҳрида Nexia ва Lacetti автомобиллари тўқнашуви оқибатида Lacetti ҳайдовчиси вафот этган эди. Ҳодисага сабаб бўлган шахс 2006 йилда туғилган бўлиб, унинг ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқлиги аниқланган.
