Педагогларнинг рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмалари оширилди

Педагогларнинг рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмалари оширилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастурида таълим тизимини ислоҳ қилиш ҳамда соҳага инновацияларни жорий этишга доир устувор вазифалар белгилаб берилган.

 

Мазкур вазифалар ижроси доирасида жорий йилнинг 28 август куни Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик марказида «Рақамли таълим муҳитида педагогик компетенцияларни ривожлантириш ва интерфаол ресурслардан самарали фойдаланиш» мавзусида ўқув-амалий семинар ташкил этилди. Унда 60 дан ортиқ педагоглар, методистлар ҳамда таълим тизими вакиллари иштирок этди.

 

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад педагогларнинг рақамли таълим муҳити билан ишлаш бўйича компетенцияларини ривожлантириш, инновацион ёндашувлар асосида таълим жараёнини самарали ташкил этиш ва интерфаол ресурслардан кенг фойдаланишга кўмаклашишдан иборат.

 

Тадбирнинг очилиш қисмида сўз олган Таълимни ривожлантириш маркази директори в.в.б. Юлия Рисюкова бундай тадбирлар таълимда рақамлашув жараёнида ўзаро билим ва тажрибаларни алмашиш ва педагогик маҳоратни оширишда муҳим майдон бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

 

Педагогларнинг рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмалари оширилди

«Бугунги рақамли дунёда педагогдан фақат фан доирасида чуқур билим ва кўникмалар эмас, балки дарс жараёнида замонавий технологияларни самарали қўллай олиш маҳорати ҳам талаб этилмоқда.

Зеро, ёшларимиз смартфон, планшет ва компьютер каби рақамли қурилмалар билан ҳамнафас улғаймоқда. Уларга назарий ва амалий билим олиш учун турли онлайн платформалар, симуляциялар ва интерфаол ресурслар орқали кенг имкониятлар яратилмоқда.

Шу боис, ҳар бир педагог ўз фаолиятида рақамли технологияларни фаол қўллай олиши, айниқса дарсларни қизиқарли ва самарали ташкил этиш учун интерфаол таълим ресурсларини яратиш ҳамда улардан самарали фойдаланиш кўникмаларига эга бўлиши бугунги замон талабига айланиб улгурди.

Ишонаманки, мазкур семинар орқали сизлар янги билим ва кўникмаларга эга бўласиз, ўзингизни қизиқтирган саволларга жавоб топасиз ва тажрибаларингизни янада бойитасиз», – деди Юлия Рисюкова.

 

Очиқ ва самимий мулоқот руҳида кечган жараёнларда соҳа ривожига доир бир қатор долзарб мавзулар муҳокама қилинди. Жумладан, «Рақамли таълим ресурслари ва хизматлари портали» бўйича умумий маълумотлар берилди.

 

Шунингдек, «Замонавий педагогик дастурий воситалар ёрдамида интерфаол ресурслар яратиш ўқув курси» тақдим этилди. Ушбу курс педагогларга интерфаол таълим платформалари ва виртуал лабораториялардан самарали фойдаланиш орқали дарсларни қизиқарли ва интерактив ташкил этиш имкониятини яратади.

Педагогларнинг рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмалари оширилди

Бундан ташқари, «ПИСА 2025: Рақамли дунёда ўрганиш» номли услубий қўлланма иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди. Унда халқаро баҳолаш дастури доирасида рақамли технологияларнинг ўқув жараёнида тутган ўрни, баҳолаш тизими ва методологияси ҳамда замонавий таълимдаги қўлланилиш имкониятлари кенг ёритилди.

 

Семинар давомида иштирокчилар ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар, савол-жавоблар бўлиб ўтди ва рақамли таълим жараёнини янада такомиллаштиришга оид амалий ечимлар муҳокама қилинди.

 

Таъкидлаш жоиз, дарс жараёнларининг интерактивлигини ошириш ҳамда педагогларни методик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази томонидан «Ягона рақамли таълим ресурслари ва хизматлари портали» ишга туширилди.

 

Педагогларнинг рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмалари оширилди

Бугунги кунда мазкур порталга 7 мингдан ортиқ рақамли ресурслар жойлаштирилган бўлиб, улар интерфаол таълим ресурслари ва мультимедиа воситалари, виртуал лаборатория ва симуляциялар, СТEМ машғулотларига оид рақамли материаллар ҳамда бошқа турдаги таълимий контентни қамраб олади.

 

Бу каби тадбирлар таълим жараёнида инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва рақамли таълим имкониятларини самарали татбиқ этишга хизмат қилади.