Дания ҳукумати китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва ёшлар орасида ўқишга қизиқишни ошириш мақсадида 25 фоизлик қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) бекор қилишини маълум қилди.
Расмий маълумотларга кўра, бу ташаббус мамлакат бюджетига йилига қарийб 330 миллион крон (тахминан 44 миллион евро)га тушади. Шунга қарамай, маданият вазири Якоб Энгел-Шмидт бу қарорни «Даниянинг келажакдаги маданий ривожига сармоя» сифатида баҳолади.
OECD томонидан ўтказилган сўнгги тадқиқот натижалари ҳам ҳукумат қарорига асос бўлди. Ҳисоботга кўра, Данияда 15 ёшли ўқувчиларнинг қарийб 24 фоизи оддий матнни ҳам тўлиқ тушунишда қийналади. Бу кўрсаткич охирги ўн йил ичида тўрт фоизга ошган. Мутахассислар буни асосан ўқувчилар орасида ўқишга қизиқишнинг пасайиши ва гаджетлардан ҳаддан ташқари фойдаланиш билан изоҳламоқда.
Маданият вазири Энгел-Шмидт бу қарор орқали китоб нархлари арзонлашишини, натижада аҳолининг китобларга бўлган қизиқиши ортишини таъкидлади:
«Биз ўқиш инқирозига барҳам беришни истасак, барча имкониятлардан фойдаланишимиз керак. Шу боис бу қарор маданиятимиз учун муҳим сармоя бўлади», – деди у Ритзау ахборот агентлигига.
Қиёс учун, бошқа Скандинавия давлатларида китоб солиғи пастроқ даражада ёки умуман мавжуд эмас. Масалан, Норвегияда китоб сотувлари умуман солиққа тортилмайди, Финляндияда солиқ ставкаси 14 фоиз, Швецияда эса атиги 6 фоизни ташкил этади.
Дания ҳукумати мазкур қарор орқали ёшларни кўпроқ ўқишга жалб этиш, аҳолининг саводхонлигини ошириш ва миллий маданиятни қўллаб-қувватлашни мақсад қилган.
