Кечки таълим шаклидаги талабаларга ҳам университет ётоқхонаси ажратиладими?

Кечки таълим шаклидаги талабаларга ҳам университет ётоқхонаси ажратиладими?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори, 2023 йил 14 августдаги 376-сонли Олий таълим муассасалари талабаларини турар жой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорга кўра, кундузги таълим шаклида ўқиётган талабалар турар жойига эҳтиёжи бор талабалар тўлиқ таъминланмасдан туриб, бошқа таълим шаклида ўқиётган талабаларни турар жойга жойлаштиришга йўл қўйилмайди.

 

Бунга кўра, ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламент талаблари асосида аввал кундузги таълим шаклида таҳсил олувчи талабалар жойлаштирилади. Агар талабалар турар жойида бўш ўринлар мавжуд бўлса, кечки таълимда ўқиётган талабалар ҳам турар жой билан таъминланиши мумкин.

 

Шу ўринда савол туғилади. Агар талаба кечки таълим шаклида таҳсил олаётган бўлсаю, унда имтиёз бўлсачи?

 

Ушбу масала юзасидан, Талимхабарлари.уз сайти мухбири Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати ходими Зафаршох Амирқулов билан боғланди.

 

Мутахассиснинг маълум қилишича, бу ҳолатда кечки таълим шаклида таҳсил олаётган талаба белгиланган имтиёзлар тоифасига кирса, у ҳолда устуворлик асосида ётоқхонага жойлаштирилади.

 

Қуйидаги тоифадаги талабалар устуворлик асосида талабалар турар жойларига қабул қилинади:

 

– «Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчилари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар;

– «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри», «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»да турадиган талабалар;

– И ва ИИ гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар;

– бир оиладан бакалавриат босқичи кундузги таълим шаклида икки ёки ундан ортиқ тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилалар фарзандлари;

– халқаро фан олимпиадалари, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказиладиган республика фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган талабалар;

– «Йил талабаси» ва «Талабалар театр студиялари» кўрик-танловларининг республика босқичи ғолиби бўлган талабалар;

– олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган «Заковат» интеллектуал ўйинининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган талабалар;

— талабалар турар жойида талабалар кенгаши раиси, қават сардори бўлган талабалар;

 

Демак, кечки таълимда ўқиётган талабалар ётоқхонага фақат қуйидаги ҳолларда жойлаштирилади:

— кундузги таълим талабалари тўлиқ жойлаштирилгач, бўш жой қолса;

— талаба имтиёзли тоифага кирса.