Таълим статистикаси миллий тўплами маълумотларига кўра, 2024 йилда фақат қозоқ тилида таълим берадиган мактаблар сони 18 тага ошган бўлса, рус тилидаги мактаблар 190 тага камайган.
Таълим тилини ота-оналар белгилайди
«Қозоғистон таълим (Маориф) вазирлиги рус тилида таълим бериладиган синфларни ёпишни режалаштирмаган. Статистикага кўра, тобора кўпроқ ота-оналар фарзандлари учун қозоқ тилидаги таълимни танлаётган бўлсада, рус синфларига ҳам талаб мавжуд», — деди Қозоғистон таълим вазири Ғани Бейсембаев брифингда.
Қозоғистонда уч турдаги мактаб мавжуд:
– фақат қозоқ тилида таълим берадиган;
– фақат рус тилида таълим берадиган;
– аралаш шаклдаги мактаблар (бир синф қозоқ тилида, бошқаси рус тилида).
Сўнгги беш йил ичида айнан аралаш шаклдаги мактаблар энг катта ўсишни қайд этди — уларнинг сони 104 тага кўпайган. 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар сони бўйича ҳам улар қозоқ тилидаги мактабларни ортда қолдирмоқда.
Бундай мактаблар сонининг ошиши аҳолининг кўп миллатлилиги сабабли фақат битта тилда таълим берадиган мактаб очиш мақсадга мувофиқ эмас. Шу боис аксарият мактабларда қозоқ ва рус синфлари биргаликда фаолият юритади.
Бу жараён давлат мактаблари (улар умумий соннинг 91 фоизини ташкил этади) билан бирга хусусий таълим муассасаларига ҳам хос. Бундай мактаблар ота-оналарга фарзандлари учун энг мақбул тилни танлаш имконини беради.
«Синфлар ота-оналар танловига қараб шакллантирилади. Қайси тилда ўқишга талаб бўлса, ўша синф очилади. Мактабларни очиш ёки ёпишга оид алоҳида давлат дастури йўқ. Бу табиий жараён. Бизнинг асосий вазифамиз — ҳар қандай таълим муассасасида сифатли таълимни таъминлашдир», — деган вазир Ғани Бейсембаев.
Қаерларда рус мактаблари қисқармоқда?
2020/2021-ўқув йилида 1160 та бўлган фақат рус тилидаги мактаблар сони 2024/2025-ўқув йилида 970 тага тушган. Шу даврда ўқувчилар сони ҳам 394,6 минг нафардан 310,5 минг нафарга камайган.
Сўнгги беш йилда қозоқ тилида ўқиётган ўқувчилар сони 1 фоизга кўпайган. Бироқ рус тилида таълим олаётган болалар сони ҳам аралаш мактаблар ҳисобига қарийб 122 минг нафарга ошган. Шу билан бирга, қозоқ миллатига мансуб болаларнинг она тилини танлаш улуши 84,62 фоиздан 83,82 фоизга пасайган, рус тилида таълимни танлаган қозоқ ўқувчиларнинг улуши эса 15,34 фоиздан 16,14 фоизга кўтарилган.
Рус тилидаги мактабларнинг аксарияти — 970 та мактабнинг 710 таси — қишлоқ жойларда, асосан шимолий ва марказий ҳудудларда жойлашган. Бу кичик сиғимли мактабларда атиги 75 минг бола ўқимоқда. Шаҳар ҳудудларидаги 260 та мактабда эса 235,7 минг ўқувчи бор.
Асосан қишлоқ жойларида жойлашган ва етарли ўқувчи тўплана олмаган мактаблар ёпилган.
Ҳозирги вақтда Қозоғистоннинг уч ҳудудида — Қизилўрда вилояти, Улйтау вилояти ва Шимкент шаҳрида фақат рус тилида таълим берадиган мактаблар қолмаган. Бироқ 2023 йилда имзоланган ҳукуматлараро келишувга кўра, Россия ушбу ҳудудларда биттадан мактаб қуриб бериши белгиланган.
