Энг йирик онлайн таълим платформаси Coursera курсларга кириш форматида ўзгариш жорий этди. Эндиликда фақат биринчи модуль бепул очилади.
Coursera ўзининг 183 миллиондан ортиқ фойдаланувчиси учун «олдиндан кўриб чиқиш» (preview experience) режимини йўлга қўйди. Ушбу режимда курсларнинг дастлабки модуллари тўлиқ очиқ бўлиб, баҳоловчи топшириқлар ва сунъий интеллект (мавжуд бўлса) тақдим этилади. Кейинги модуллар эса фақат курс учун тўлов қилган фойдаланувчиларга тақдим этилади.
Олдинги «тинглаш» (audit experience) режими бекор қилинди. Ушбу режим орқали фойдаланувчилар курсларни бепул тинглаш имконига эга бўлишар эди, бироқ сертификат олиш учун тўлов талаб қилинар эди.
Баъзи ижтимоий аҳамиятга эга курслар, хусусан соғлиқни сақлаш соҳасидаги курслар, бепул қолади. Coursera нарх сиёсатини турли мамлакатларнинг даромад даражасига мослаштириш ва айрим фойдаланувчилар учун имтиёзли шартларни сақлаб қолишни режалаштирмоқда.
Компания вакилларининг фикрича, курснинг тўлиқ кириш имкониятини тақдим этиш талабаларга дастлабки босқичда курс мазмунини тўлиқ тушуниш ва онгли равишда тўлов қилиш ёки курсни рад этиш қарорини қабул қилишга ёрдам беради. Синов натижалари шуни кўрсатдики, бундай форматдаги курсни танлаган фойдаланувчилар фаолроқ ўқийди ва курсни кўпроқ тугатади.
Шу билан бирга, Class Central платформаси бу ўзгаришни MOOKлар даврининг тугаши сифатида баҳоламоқда. 2010 йилларда МООКлар таълимда инқилоб сифатида қаралган ва кенг оммага бепул таълим бериш имконини яратган. Лекин кейинчалик кўпчилик курсларни охиригача якунламаслиги ва даромад олиш қийинлиги маълум бўлди.
Мутахассислар таъкидлашича, Coursera янги бош директори Greg Hart бошчилигида компания фойдали фаолият юритмоқда: 2025 йилнинг иккинчи чорагида даромад 10%га ошди, акциялар эса 36%га қимматлашди. Бироқ бунга бепул таълим тамойилидан воз кечиш эвазига эришилмоқда.
