Давлат гранти фақат бир ўқув йили давомида амал қилади: тақсимланиш тартиби қандай?

Давлат гранти фақат бир ўқув йили давомида амал қилади: тақсимланиш тартиби қандай?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, 2024/2025-ўқув йилидан бошлаб республика олий таълим ташкилотларида талабаларга давлат грантларини тақдим этиш ва уларни қайта тақсимлаш бўйича янги тартиб жорий этилган.

 

Мазкур тартиб 2024/2025-ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларининг бакалавриат ҳамда магистратура босқичларига қабул қилинган талабалардан бошланади.

 

Тартибга мувофиқ, давлат гранти эндиликда 4 йилга битта талабага эмас, балки ҳар йили юқори баҳоларга эришган талабалар орасида қайта тақсимланади. Яъни ҳар йили ушбу грантлар талабаларнинг академик ютуқлари ва ижтимоий фаоллик даражасига қараб қайта тақсимланади. Бу эса грант ажратиш жараёнининг ҳар йили баҳолаб борилишини таъминлайди.

 

 

Давлат грантларини ажратиш ва қайта тақсимлаш тартиби қандай амалга оширилади?

 

Таълим грантлари ажратилиши икки босқич асосида амалга оширилади:

 

— Биринчи босқич (1-курс талабалари учун):
Таълим грантлари олий таълим муассасаларига ажратилган давлат буюртмаси квотаси доирасида, кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган абитуриентларга берилади. Ушбу грантлар фақат биринчи ўқув йили учун амал қилади.

 

— Иккинчи босқич (2 ва ундан юқори курслар учун):
Иккинчи ва ундан кейинги ўқув йиллари учун таълим грантлари ҳар йили қайта тақсимланади. Бунда танлов асосида грантлар юқори академик рейтингга эга бўлган ва ижтимоий фаоллик кўрсатган талабалар ўртасида табақалаштирилган тартибда тақсимланади.

 

Танловда иштирок этиш мезонлари қандай?

Таълим грантига талабгорлар учун олий таълим муассасасининг расмий веб-сайтида онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади ва эришган ютуқларини асословчи ҳужжатларни тақдим этиши зарур ҳисобланади.

 

Талабгорлардан Академик ўзлаштириш кўрсаткичи (ГПА) камида 3,5 ва ундан юқори бўлиши талаб этилади.

 

Ўзлаштириш кўрсаткичи бўйича муайян ўқув йилидаги ГПА кўрсаткичи 3,5 дан паст бўлган талабаларнинг таълим грантини табақалаштирилган тарзда қайта тақсимлашда иштирок этишига рухсат этилмайди. Бироқ улар кейинги ўқув йили учун грант ажратиш жараёнида яна иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Баҳолаш мезонлари ва баллар тақсимоти тартиби

 

Академик ўзлаштириш кўрсаткичини аниқлаш бўйича комиссия томонидан таълим грантига талабгорларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари ҳисоблаб чиқилади ва мутаносиб тарзда 80 баллик мезонда баҳоланади ҳамда ушбу комиссия баёни билан расмийлаштирилади. Таълим грантига талабгорларнинг ижтимоий фаоллик кўрсаткичи Ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссия томонидан аниқланади ва 20 баллик мезонда баҳоланиб, ушбу комиссия баёни билан расмийлаштирилади.

 

Шундай қилиб, ҳар бир талабгор учун максимал 100 баллгача йиғиш имконияти мавжуд бўлади.

 

Агар талабаларнинг баллари тенг бўлиб қолса, қандай тартиб қўлланилади?

 

Агар танлов натижасида икки ёки ундан ортиқ талабалар бир хил натижа кўрсатган бўлса, устуворлик академик ўзлаштириш кўрсаткичига берилади. Яъни, икки талабанинг натижаси тенг бўлса, улар орасидан академик ўзлаштириши юқори бўлган бири грантга эгалик қилиши мумкин бўлади.

 

Агар академик кўрсаткичлар ҳам тенг бўлса, у ҳолда ушбу талабалар ўртасида ўзлаштирилган семестрларда ўтилган мутахассислик фанлари бўйича тест синовлари ўтказилади. Синовлар тартиби, муддатлари, тест саволларининг сони ва баҳолаш мезонлари олий таълим муассасаси ректори (ёки директори) томонидан белгиланади.

 

 

Грантлар қайта тақсимланмайдиган ҳолатлар ҳам мавжуд

 

Баъзи ҳолатларда талабаларнинг грант ўрни қайта тақсимлашда ҳисобга олинмайди. Жумладан, қуйидаги ҳолатларда:

 

– қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўқиши давлат гранти асосида тикланиши мумкин бўлган талабалар четлаштирилганда;

 

– талаба белгиланган тартибда академик таътил олганда; – талаба академик мобиллик дастурлари асосида ҳамкор олий таълим ташкилотида таҳсил олиш учун бир ўқув йилидан кўп бўлмаган муддатга кетганда.

 

Мазкур ҳолатлардаги талабалар ўқишга қайтганидан сўнг, навбатдаги грант тақсимотида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўладилар.

 

Эслатма: Олий таълим ташкилоти грантига талабгорлар ўз аризалари билан ҳар йили 20 июлга қадар олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайти орқали рўйхатдан ўтади.