Ижтимоий тармоқларда Тошкент давлат стоматология институти талабалари мажбуран ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига ўқишга юборилаётгани ҳақида видеолар тарқалди. Видеода бир гуруҳ талабалар уларни уруш ҳудудига боришга мажбурлашаётгани ҳақида гапирган.
«Эски ТошМИ» (ТДТУ)нинг қўшма таълим дастури талабаларини мажбурий равишда Нижний Новгородга — ҳарбий ҳолат эълон қилинган ҳудудга ўқишга юборишяпти. Айнан шу ерда кеча Украина ҚК БПЛА ҳужумидан кейин бир киши ҳалок бўлди, икки киши яраланган. Аввалги ректор ўқишни Қозоғистонга кўчиришни ваъда қилган эди, аммо янги ректор Баймурадов бу қарорни амалга оширишдан бош тортди.
Талабалар олдига шарт қўйилди: ёки Россияга кетасиз, ёки ўқишингиз бекор қилинади. Бу ҳақда фақат яқинда маълум қилинди — чунки хусусий тиббиёт университетлари кўчирма талабаларни қабул қилишни тўхтатгани сабабли, талабалар альтернативасиз қолишди», — дейди талабалар видео мурожаатда.
Ҳолат юзасидан Тошкент давлат тиббиёт университети расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, видеодаги барча талабалар ҳамкорликдаги қўшма таълим дастурига ўқишга қабул қилинган. Бу дастурга кўра, улар ўз ўқишларини хориждаги ҳамкор олий таълим муассасасида давом эттиришлари шарт ҳисобланади. Ҳар бир талабалар билан шартнома тузилган бўлиб, унга мувофиқ улар 4- ва 5-курсни Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида жойлашган Приволжск тиббиёт тадқиқот университетида ўқиб тугатиш мажбуриятини олганлар.
Ҳозирда ПИМУ Ўзбекистоннинг 5 та олий ўқув юрти билан 12 та ҳамкорликдаги дастурни амалга оширмоқда. Ушбу дастурлар доирасида бугунги кунда 400 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси ПИМУ базасида кундузги шаклда ўқимоқда.
«Ушбу қўшма таълим дастурларига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари енгиллаштирилган ҳолда амалга оширилганлиги, талабаларни ўқишини Қозоғистон Республикасидаги олий таълим муассасаларига кўчириш ҳақидаги турли маълумотлар асосга эга эмаслигини таъкидлаб ўтамиз», — дейилади муносабатда.
Таъкидланишича, Нижний Новгород шаҳри ҳақида «ҳарбий ҳолат эълон қилинган ҳудуд» деган маълумот асоссиздир. Россия Федерациясининг мазкур ҳудудида расмий тартибда ҳарбий ҳолат эълон қилинмаган. Ушбу шаҳар университет билан илмий ва таълимий ҳамкорлик қилаётган шерик олий таълим муассасалари жойлашган ҳудуд ҳисобланади.
«11 август куни Тошкент давлат тиббиёт университети ректори Ш.Боймурадов ушбу қўшма таълим дастурида таҳсил олаётган ҳар бир талаба ва уларнинг ота-оналари билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида талабаларни ҳамкор «ПИМУ»да ўқишни давом эттириш учун жўнаб кетиши, у ерда яратилган шарт-шароитлар ва талабалар турар жойи билан таъминлаш бўйича батафсил маълумотлар берилди. Дастур иштирокчиларининг асосий қисми ПИМУда таълимни давом эттириш истагини билдириб, улардан аксарияти жўнаб кетишга тайёр эканлигини билдирди. Фақат айрим талабалар шартнома шартларини бузган ва атайлаб ёлғон маълумотларга таянган ҳолда, Тошкентда қолишга ҳаракат қилмоқда», – дейилади расмий изоҳда.
