АҚШнинг Аризона штатида давлат мактаблари сони қисқаришда давом этмоқда. Тҳе Wашингтон Постънинг ёзишича, пойтахт Финиксда ўтган йил ичида ўқувчилар сони камайгани сабаб камида 20 та мактаб ёпилган.
Финиксдаги Рузвелт бошланғич мактаб округида янги ўқув йилида 13 та мактабдан бештаси фаолиятини тўхтатди. Бунга давлат маблағини хусусий мактаб ёки уйда ўқишга йўналтириш имконини берувчи воучер (таълим сертификати) тизими сабаб бўлди.
Аризона АҚШда универсал воучер дастурини жорий қилган илк штат бўлди. Ҳар бир оилага йиллик қиймати қарийб 7400 доллар бўлган сертификат тақдим этилади. Бу маблағ хусусий мактаб тўлови ёки уйда таълим харажатларини қоплашга сарфланиши мумкин. Дастур штат бюджетига сезиларли юк бўлди — 2024 йилда харажатлар 1 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.
Расмийларга кўра, Рузвелт округидаги давлат мактаблари ўқувчилари сони 2010 йил кузида 10 500 нафар бўлган бўлса, 2024 йил кузида бу кўрсаткич 7 мингдан сал ошиқни ташкил этди. Хусусий мактабларда эса деярли шунча бола ўқийди. Умумий ҳисобда штатдаги болаларнинг 75 фоизи давлат мактабларига қатнайди — бу АҚШ бўйича энг паст кўрсаткич.
Ислоҳот тарафдорлари ота-оналарга таълимда танлаш эркинлиги берилиши зарурлигини таъкидлайди. Танқидчилар эса воучер тизими жамиятни бўлишини, солиқлар ҳисобидан молиялаштирилаётган, аммо давлат назорати кам бўлган мактабларга маблағ оқимини кучайтиришини айтмоқда. Уларнинг фикрича, бу ёрдам асосан таълим харажатининг қолган қисмини тўлай оладиган оилаларга, шу жумладан фарзандлари аввалдан хусусий мактабда ўқиганларга ҳам фойда келтиради.
