Google компанияси томонидан яратилган Gemini сунъий интеллект иловаси эндиликда фойдаланувчиларга ўз ғоялари асосида шахсийлаштирилган, расмли эртак китоблари яратиш имкониятини тақдим этмоқда. Янги функция 2025 йил август ойидан бошлаб ишга туширилди.
Фойдаланувчи иловага оддийгина эртак мазмунини ёзиб беради, масалан, «7 ёшли ўғлимга меҳрибонлик ҳақида эртак ёзиб беринг, у филларни яхши кўради», ёки «5 ёшли қизимга Қуёш тизимини тушунтиринг» ва илова ушбу сўров асосида 10 саҳифалик иллюстрациялардан ташкил топган китоб ёки комиксни яратиб беради. Ҳар бир саҳифага махсус чизилган расм ва матнга мос овозли ўқиш (аудиокитоб шакли) ҳам қўшилади.
Бундан ташқари, фойдаланувчилар ўзларининг фотосуратлари ёки болаларининг чизган расмларини юклаб, эртакка шахсий руҳ бағишлашлари мумкин. Стиль борасида эса танлов жуда кенг: пиксел санъати, комикслар, пластилиндан тайёрланган образлар, кружевалар, рангли китоблар, ҳаттоки крошка услубигача қўллаб-қувватланади. Бу имкониятлар 45 дан ортиқ тилда мавжуд.
Янгилик айниқса ота-оналар, ўқитувчилар ва болалар билан ишловчи мутахассислар учун катта қизиқиш уйғотмоқда. Илова орқали:
– болаларга мураккаб мавзуларни тушунтириш,
– ахлоқий сабоқларни бериш,
– шахсий хотираларни эртакка айлантириш мумкин бўлади.
Мисол учун, ота-она Парижга қилган оилавий саёҳат суратларини юклаб, фарзанди учун ўша саёҳат асосида фантастик эртак ярата олади. Ҳозирда ушбу дастур синов тариқасида ишга туширилган.
